Самарқанд ҳунармандлари Қўқонга етиб борди
Президентимиз ташаббуси билан жорий йилнинг 10-15 сентябрь кунлари Қўқон шаҳрида биринчи марта ўтказиладиган Халқаро ҳунармандчилик фестивалига қизғин ҳозирлик кўрилмоқда.
Ушбу фестивалда самарқандлик ҳунармандларнинг ҳам фаол иштирок этиши кўзда тутилган.
- Бугун вилоятимизнинг барча шаҳар ва туманларида фаолият кўрсатаётган 70 нафар тажрибали ҳунармандлар билан Қўқон шаҳрига етиб келдик, - дейди республика “Ҳунарманд” уюшмаси Самарқанд вилоят ҳудудий бошқармаси бошлиғи Умид Ҳакимов. – Бизни фарғоналиклар кўтаринки кайфиятда қарши олди ва бу ерда ўтказиладиган нуфузли фестивалга тайёргарлик ишларини бошлаб юбордик. Эртадан бошлаб уста ҳунармандларимиз Самарқанд ҳунармандчилигига хос бўлган ёғоч ўймакорлиги, зардўзлик, кулолчилик, миниатюра, наққошлик, каштадўзлик, гиламдўзлик ва бошқа йўналишлар бўйича ўз маҳоратларини намойиш этади. Айни пайтда биз учун ажратилган павильонга халқ амалий санъати дурдоналари, қўлда ясалиб, жило берилган тайёр маҳсулотлар, хом ашё ва дастгоҳлар ўрнатилмоқда.
Фестиваль давомида Риштон, Ғиждувон, Тошкент, Каттабоғ, Мадир, Ғурумсарой, Олтинкўл, Шаҳрисабз кулолчилик мактаблари уста кулоллари билан бир қаторда Самарқанд ва Ургутнинг моҳир кулоллари томонидан маҳорат дарслар ва тренинглар ташкил этилиши режалаштирилган.
Тўлқин Сиддиқов.