Самарқанд "Отелло"си Таънаберди Қурбонов ўз замонининг жарчиси эди
Ўзбекистон халқ артисти Таънаберди Қурбонов агар ҳаёт бўлганида 8 август куни қутлуғ 85 ёшини қаршилаган бўларди. Касаллик туфайли 2015 йилда вафот этди. Аммо маҳорат билан ижро этган роллари миллий санъатимизда ўчмас из бўлиб қолди.
Адабиётшунос олим Исроил Мирзаев 1996 йилда бетакрор актёр ҳақида “Фидойи” номли китоб чоп эттирган. Унда ўз даврининг фидойи санъаткори Таънаберди Қурбоновнинг ҳаёт ва ижод йўли, катта санъатнинг машаққатли сўқмоқлари, актёрнинг севинч ва изтироблари ҳақида ҳикоя қилган эди. Қуйида ушбу китобдан парча ўқийсиз.
Таънаберди Қурбонов – маҳоватли характерларнинг талқинида тенги йўқ санъаткор. У яратган Рустам, Эзоп, Сулаймон ота, Отелло, Мирзо Улуғбек сиймоларини бир эсланг. Буюк артист хассос иқтидорини, жозибали санъати қудратини ана шу характерларни талқин қилишда кўрсата олган. Фигейредоннинг «Бадбашара» (Эзоп) ва Шекспирнинг «Отелло»сида мужассамлашган мумтоз Ғарб драматизми ва инсонпарварлик, Мақсуд Шайхзоданинг «Мирзо Улуғбек» ва Ўлмас Умарбековнинг «Қиёмат қарз» асарларида нурланиб турган донишмандлик ва улуғворлик, диёнат ҳамда имон, Умаржон Исмоиловнинг «Рустам» ва Мар Бойжиевнинг «Дуэл» асаридаги ахлоқ ва маънавий поклик, Шароф Бошбековнинг «Темир хотин» ва Хайриддин Султоновнинг «Зарҳовузнинг бўйларида» драмасида давр дарди ҳамда замон фожиаларининг моҳияти моҳир актёр ёрдамида асардан, саҳнадан одамлар қалбига кўчади, томошабинлар шуурида муҳрланиб қолади.
«Отелло» - жаҳон драматургиясининг гултож асарларидан бири сифатида машҳур. Шарқ-у Ғарб бадиий тафаккури ва донишмандлигини қориштириб, синтезлаштириб юборган мазкур фожиа Тошкентда қўйилиб, катта шуҳрат топди. Отелло образи талқини билан Шекспир ватани – Англияда ҳам таниқли бўлган Аброр Ҳидоятовдан сўнг асарнинг Самарқандда саҳналаштирилиши ва Отелло ролига Таънаберди Қурбоновнинг журъатини қандай баҳолаш лозим?
Гап «Отелло» Самарқанд театрида қўйилди, деган мақтанишда эмас, албатта. Тўғри, бундай шоҳ асарни ўз театрида саҳналаштириб, ундаги бош қаҳрамон образини яратиб, ўз театри ва актёрларнинг бўй-бастини белгилаб олиш ҳамиша орзу-армондир. Лекин самарқандликлар «Отелло»нинг замонавий талқини, ҳасад ва иғвогарлик, фитна ва мунофиқлик авж олаётган, даврнинг Яголари кўпаяётган бир пайтда томошабинни эзгулик, поклик, садоқат ва гўзалликка ошно қилиш, санъатда анъанавийлик ворисийлик ҳамда давомийликни кўз-кўз қилиш эди. Таънаберди бошқа ўнлаб актёрлардан фарқли ўлароқ, Отеллони меҳрибон, оқкўнгил, барча зиддиятлари билан, бир мунча босиқ, таъсирли ва файласуфона ижро этди. Унинг қаҳрамони ақл-заковати орқасидан саркарда даражасига етган, гўзал овруполик маликанинг муҳаббатини қозонган, садоқатли ва довюрак инсон тарзида гавдаланади.
Шу билан бирга, ёвузлик, душманлик, фисқ-у фасод, рашк-ҳасадни келтириб чиқарган, ростгўйлик, ҳалоллик, тиниқлик, гўзалликнинг рақиби – қора кучлар моҳияти, илдизи очилади. Асарни бизнинг давримизда саҳналаштиришдан асосий мақсад инсон вужудида иккита қарама-қарши қутб – яхшилик ва ёмонлик, ҳар бир танда раҳмоний ва шайтоний хусусиятлар мавжудлигидан одамларни яна бир бор огоҳлантириш эди. Иқтидорли санъаткор Таънаберди Қурбонов Отелло образи галериясини янги жилолар билан бойитгани рост.
Таънаберди Қурбоновнинг ижодий услубида бир устувор тамойилини кўрамизки, уни алоҳида қайд этмоқ фойдадан ҳоли эмас. Санъаткор нимага қўл урса, қайси асар, қайси актёрни танласа, чўққини мезон қилиб олади. Унинг саҳна артисти сифатида репертуарига эътибор беринг - барча спектакллар ижтимоий-фалсафий, тарихий-маърифий, маънавий ахлоқий қимматга эга. Биз юқорида эслаган «Эзоп» («Бадбашара»), «Отелло», «Қиёмат қарз», «Дуэл», «Рустам» ва бошқалар.
«Мирзо Улуғбек» фожиаси ҳам саҳналаштириш учун беҳуда танланмаган. Асар муаллифи – ўзбек адабиётининг улкан вакили. Таънаберди учун Тошкентда маънавий оталик қилган. Шогирднинг гувоҳлик беришича, Мақсуд оға Шукур Бурхоновнинг яқин дўсти, ошхўрликда ажралмас улфати бўлган ва улар паловхонтўрага уннашганда Таънаберди ўчоққа ўт қалаган, баъзида устоз Ғафур Ғулом ҳам шу улфатлар суҳбатини аланга олдирган. Бинобарин, ана шу руҳий туташлик ёш йигит учун бўлғуси узоқ йиллик шогирди муршидлик занжирини маҳкам боғланишига олиб келган. Энди ўйланг, Таънабердидай содиқ шогирд устозларидан руҳан узоқ туриши, уларнинг йўлидан юрмаслиги, улар ўйнаган ролларни ижодий ёндашиб, саҳнага олиб чиқмаслиги ёхуд уларнинг асарларини ўз театрида қўймаслиги мумкинмиди?! Асло!
Демак, Мақсуд Шайхзоданинг «Мирзо Улуғбек» трагедияси – Таънабердининг орзусига айланиб қолганди, уни Самарқанд саҳнасида жонлантирмаса, Улуғбек Мирзо қиёфасига кириб, юртдошлари билан мақсудона мулоқот қилмаса, улкан армон бўларди-да. Худди шундай, Шукур Бурхоновнинг доно Сулаймон отасини, мард исёнчи Рустамни, жасур Фердинандини, ориятли ва мағрур Жалолиддинини, аллома ва одилшоҳ Мирзо Улуғбекини янги поғоналарга кўтариб талқин этмаса, етук санъаткор – шогирд учун кечирилмас фарз ва қарз бўлиб қоларди-да!
«Мирзо Улуғбек» фожиаси ўзбек адабиётининг дурдонаси, жаҳон драматургиясининг мумтоз намуналари билан бўйлашадиган трагедия. Инсон даҳоси, шахс буюклиги, илм-фан қудрати, салоҳиятидан дарс берувчи, шу билан бирга, тарих зиддиятлари, эзгулик ва маърифат сари курашларнинг аёвсизлиги ҳаққоний тасвирланган асар. У фалсафий-ақлий теранликка, инсонпарварликка даъваткор ибрат намунаси бўлиб қалбларда садо беради. Улуғбек Мирзонинг ёрқин ва мукаммал характери Таънаберди Қурбонов талқинида театр ижодкорлари учун эталон вазифасини ўтади.
Таънаберди Қурбоновнинг шахсий кутубхонаси, сон-саноқсиз хатлар, телеграммалар, дастхатлар билан танишар эканмиз, диққатимизни фавқулодда бир ҳолат тортади. Ҳайратланарлиси шундаки, унга билдирилган ҳамма фикрлар бир нуқтада бирлашади: уларда асосан «катта одам», «фидойи инсон», «содиқ ва чин дўст», «тенгсиз, улкан санъаткор», «истеъдодли артист», «куйинчак раҳбар», «адолатпарвар», «меҳри дарё», «бағрикенг инсон» каби сўз бирикмаларини учратасиз. Бу не ҳол? Тасодифми? Қонуниятми?
Шунчалик турфа одамлар: устозлар, шоиру ижодкорлар, унинг дўстлари бир ҳақиқатни, бор ҳақиқатни такрорлаганлар, дилдан изҳор қилганлар. Улардан биргинаси - ўзбек халқининг улкан, бетакрор санъаткори Шукур Бурхоновнинг дастхатини ўқиб кўринг-а: «Таънаберди, сенинг қалбинг пок, поклигича қолсин! Актёр ўз замонининг жарчиси, ўз халқингга соф хизмат қилгин. Мен сенда ўз Рустамимни, ўз Фердинандимни, ўз Жалолиддинимни, Мирзо Улуғбегимни кўряпман. Фидойи санъаткор бўлиб қолгин…»
Устознинг 1960 йилларда қилган башорати йиллар ўтиб исботланди. Таънаберди Қурбонов 1970 йиллар санъатининг йирик намояндасига айланди.