Самарқанд ОТМда нечта хорижлик талаба таҳсил оляпти?

Самарқанддаги олий таълим муассасалари хориж ўқув юртлари билан шартнома имзолаб, ўзаро тажриба алмашиб келмоқда. Кейинги йилларда бундай ҳамкорлик келишувлари ижобий самара беряпти. Жаҳон тажрибасига таянган ҳолда дунё стандартларига мос, етук кадрлар тайёрлаш бугунги куннинг талаби саналади. Олий таълим муассасалари бу борада қандай ишларни амалга оширди?

Самарқанд давлат университети 90 дан ортиқ хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик шартномалари имзолаган. Шунингдек, АҚШ, Германия, Франция, Россия, Исроил, Хитой каби давлатларнинг олий таълим муассасалари билан қўш диплом («Double degree») бериш келишуви мавжуд.

2019-2020 ўқув йили бошланганидан буён университет ўқув жараёнларига 15 нафардан зиёд хорижий профессор-ўқитувчи, олим, мутахассислар жалб этилган.

Ўз навбатида, университетнинг 30 дан ортиқ профессор-ўқитувчилари жорий йилнинг сентябрь-октябрь ойларида хорижий олий таълим муассасаларида малака ошириш, талабаларга маъруза ўқиш ва халқаро конференцияларда қатнашиш учун юборилган.

Қобилиятли, билимли талабалар ушбу ўқув йилида хорижий олий таълим муассасаларига магистратурага ўқишга қабул қилинган.

2019-2020 ўқув йилида университетда 4 нафар тожикистонлик ва 1 нафар россиялик талаба таҳсил оляпти. Шунингдек, 4 нафар афғонистонлик талаба магистратура босқичида ўқимоқда.

- Ўзбекистонда хорижлик талаба ва ўқитувчилар учун замонавий шарт-шароитга эга бепул турар-жойлар яратилганини тасаввур ҳам қилмагандим, - дейди афғонистонлик магистр Чолпан Забиҳуллаҳ. – Ўзбекистонликларни бежиз меҳмондўст, бағрикенг дейишмас экан.

- Университетда хорижлик талабалар учун алоҳида, ўқитувчилар учун алоҳида турар-жой ажратилган. Турар-жойлар замонавий жиҳозланган ва бепул берилади, - дейди халқаро ҳамкорлик бўлими бошлиғи Отабек Умаров.     

Бундан ташқари, янги ўқув йилида университетда халқаро таълим дастури факультети ўз фаолиятини бошлади. 180 нафар ёшлар бакалавр ва 34 нафар талаба магистратурага қабул қилинди. 15 нафар талаба эса халқаро алмашинув дастурида иштирок этмоқда.

***

Самарқанд ветеринария медицинаси институти бугун дунёнинг 50 дан ортиқ мамлакатидаги 82 та нуфузли олий таълим муассасаси билан илмий-амалий ҳамкорликни йўлга қўйган, улар билан шартнома, битим ва меморандумлар имзолаган.

2019 йилнинг 9 ойи мобайнида институт профессор-ўқитувчиларидан 23 нафари, талаба, магистрант ва катта илмий ходимларнинг 53 нафари хорижий давлатларда бўлди. Алмашинув дастури бўйича дунёнинг етакчи олий ўқув юртларида ўқув ва малака амалиётини ўтаб келди. Шунингдек, 9 нафар хорижлик профессор маъруза ва семинар дарсларини олиб бориш учун институтга ташриф буюрди.

2019 йил 1-3 сентябрь кунлари Гродно давлат аграр университети вакиллари С.Юргель, А.Бидная олий таълим муассасалари ўртасида ташкил этилган қўшма факультетга талабаларни қабул қилиш ва ўқув дастурини яратиш мақсадида институтга ташриф буюрди.

***

“Ипак йўли” туризм халқаро университети 2018-2019 ўқув йилида Европа, Америка, Австралия ва Жанубий-шарқий Осиёнинг 14 дан ортиқ илғор олий таълим муассасалари  билан ҳамкорлик меморандумлари тузган.

Университет мамлакат тарихида биринчи бўлиб, қўш диплом («Double degree»)  дастури  бўйича  ҳамкорликда  талабаларни  ўқитишни  йўлга  қўйди. Ҳозирги пайтда талабаларни уч диплом («Triple degree») дастури бўйича ўқитиш лойиҳаси устида иш олиб борилмоқда. Яқинда бу борада хорижий университетлар билан келишувларга эришилди.

Университет жаҳоннинг 13 та илғор олий таълим муассасаларида ҳамкорларга эга бўлиб, улар орасида Гуйлин туризм университети (Хитой), Суракартадаги Сахид политехника институти, Гуанадармадаги туризм ва меҳмондорчилик менежменти институти (Индонезия), Париж туризм  академияси (Франция) бор.

Университетда 3 нафар хорижлик талаба таҳсил олмоқда. Уларнинг икки нафари Тожикистондан, бир нафари Қозоғистондан. Шунингдек, Туркия, Канада, Қозоғистон, Германия, Болгариядан келган хорижлик профессор-ўқитувчилар талабаларга дарс бермоқда.

Университетнинг фаол талабалари ҳар йили ёзда хорижда амалиёт ўтайди. Масалан, жорий йил ёзида 10 нафар талаба Италияда, 15 нафари Индонезияда, бир нафари Туркияда ва бир нафари Германияда амалиёт ўтади. 2019-2020 ўқув йилида талабалар Жанубий Корея, Хитой, Италия, Германияда амалиёт ўтайди.

***

Самарқанд давлат медицина институти халқаро ҳамкорлик ва академик алмашинувда иштирок этадиган барча шерикларнинг тенг ҳуқуқлилиги принципига асосланиб, давлат ва халқаро ташкилотлар, чет эл университетлари ва илмий марказлари билан 60 дан ортиқ ҳамкорлик шартномалари тузган. Европа, Осиё, Шимолий Aмерика ва МДҲ мамлакатлари университетлари билан шериклик алоқаларини ривожлантирмоқда.

Институтда айни пайтда 35 нафар хорижлик талаба даволаш факультетида таҳсил олмоқда. Уларнинг 30 нафари Жанубий Корея, 4 нафари Россия, бир нафари Тожикистондан келган.

Институт профессор-ўқитувчилари ўз маърузалари билан халқаро конференцияларда қатнашиб, чет эл олий таълим муассасаларида талабаларга дарс бериб келмоқда. Масалан, 7-15 сентябрь кунлари профессор А.Мамадалиев ва Ph.D курси ассистенти М.Алиев Пекин шаҳрида илмий-хизмат сафарида бўлди.

Жорий йилнинг 18-19 октябрь кунлари И.С.Тургенов номидаги Орлов давлат университети делегацияси институтга ташриф буюрди. Делегация таркибида университетнинг стратегик ривожлантириш бўйича маслаҳатчиси А.Бударина, тиббиёт институти директори И.Снимщикова, университет клиникаси директори А.Медведовлар институт фаолияти ва яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди.

Олий таълим муассасаларининг чет элликлар билан ҳамкорликда олиб бораётган ишлари ва келгусидаги режалари бир мақсадга қаратилган. Бу ҳам бўлса, таълим сифатини ошириш, илмий салоҳиятли кадрларни тайёрлашдан иборат.

Хуршида ЭРНАЗАРОВА.