“Самарқанд руҳи” барқарор тараққиёт ва ҳамкорлик рамзига айланади

Кўҳна ва ҳамиша навқирон Самарқанд улкан издиҳом марказига айланди. Дунёнинг қарийб ярим аҳолиси истиқомат қиладиган мамлакатлар раҳбарлари қадимий ва ҳамиша навқирон кентда жам бўлиб, минтақада тинчликни мустаҳкамлаш, иқтисодий-ижтимоий алоқаларни ривожлантириш мавзуида кенгашмоқда.

Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг 22-саммитига вилоятимизда ҳар томонлама пухта тайёргарлик кўрилди. Халқаро сиёсий анжуманда ўн тўртта, жумлaдан, аъзо мамлакатлар (Ўзбекистон, Россия, Хитой, Ҳиндистон, Покистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон) ҳамда кузатувчи мақомидаги давлатлар (Эрон, Беларусь ва Мўғулистон), шунингдек, меҳмон сифатида таклиф этилган мамлакатлар (Туркия, Озарбайжон ва Туркманистон) раҳбарлари иштирок этди. Жараённи оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали кузатиб бориш асносида Ватанимизнинг, хусусан Самарқанд шаҳрининг инсоният тарихида тутган ўрни, дунё тамаддунига қўшган ҳиссаси, бугунги мавқеи кўз олдимдан ўтди.

1404 йилда Соҳибқирон Амир Темур саройига келган Кастилия (Испания) элчиси Руи Гонсалес де Клавихо йўл хотираларидан иборат “Кундалик”ларида шундай ёзади: “Темур давлатининг шон-шуҳрати Оврўпо мамлакатларигача бориб етди. Англия, Франция, Испания, Генуя ва Византия сингари давлатларнинг ҳукмдорлари Амир Темур билан сиёсий ва савдо-иқтисодий муносабатлар ўрнатишга интилиб, улуғ жаҳонгир ҳузурига мунтазам равишда ўз элчиларини юбориб турдилар”.

Демак, 6-7 аср аввал ҳам юртимиз жаҳон сиёсати ва дипломатиясида муҳим ўрин тутган. Қолаверса, иқлими ва табиати беназир, тупроғи унумдор бу замин ўша замонларда ҳам хорижликларни ўзига мафтун этган.

Клавихонинг қуйидаги ҳайрати ҳам диққатни тортади: “Бу юрт дон-дун, май, мева-чева, парранда гўшти, бошқа ҳар хил гўшт, қўйингки, ҳамма нарсага бойдир... Самарқанд шаҳрида ҳар йили Хитой, Ҳиндистон, Татаристон ва бошқа мамлакатлардан, шунингдек, бениҳоя бой Самарқанд салтанатининг ўзидан келтирилган моллар сотилади. Подшоҳ икки тарафида қатор дўконлар жойлаштирилган савдо растасидан иборат кўча ўтказишни буюрди. Кўчанинг икки тарафига дўконлар қурилди, ҳар бир дўкон олдида мармар билан қопланган юксак курсилар ўрнатилди. Ҳар бир дўкон иккита хонадан иборат эди. Кўчанинг тепаси гумбаз шаклида ёпилган бўлиб, ёруғлик тушиб турадиган туйнукчалар қўйилган. Шаҳарнинг савдо аҳли, саррофлар, читфурушлар, жавоҳир ва бошқа турли-туман моллар билан савдо қилувчилар, ошпазлар, қассоблар, новвойлар, тикувчилар, кафшдўзлар ва бошқа барча ҳунармандлар подшоҳ ўрдаси жойлашган ялангликка чиқиб, чодир тикиб савдо қиладилар. Маҳаллий халқ – меҳнатсевар, моҳир чавандоз, камон отувчи мерган, умуман урушда сабот-матонатли халқ. У борига қаноат қилиб, нонсиз биргина сут ва гўшт билан ҳам кун кечираверадиган, гўштли ва гўштсиз овқат билан ҳам тирикчилик қилишга ўрганган халқ. Иссиқ ва совуққа, очлик ва ташналикка чидамлиликда жаҳондаги бошқа элдан саботлироқ ва чидамлироқдир”.

Саммит арафасида Президент Шавкат Мирзиёевнинг “Ўзаро боғлиқликдаги дунёда мулоқот ва ҳамкорлик” мақоласи эълон қилинди. Мазкур мақола маҳаллий ва хорижий жамоатчилик вакиллари томонидан қизғин муҳокама қилинмоқда.

“Ўзбекистоннинг Шанхай ҳамкорлик ташкилотига раислиги дунё миқёсида шиддатли жараёнлар кечаётган ўзига хос “тарихий эврилиш” палласига тўғри келди – бир тарихий давр ниҳоясига етмоқда ҳамда башорат қилиш мушкул бўлган янги бир давр бошланмоқда. Дунёнинг турли нуқталарида давом этаётган қуролли можаролар савдо ва инвестиция оқимларини издан чиқариб, озиқ-овқат ва энергетика хавфсизлигини таъминлаш борасидаги муаммоларини янада кескинлаштирмоқда. Шу билан бир қаторда, глобал иқлим ўзгариши, табиий бойликлар ва сув ресурслари танқислигининг ортиши, биохилма-хилликка путур етиши ҳамда хавфли юқумли касалликлар тарқалиши жамиятларимизнинг заиф томонларини янада яққолроқ кўрсатиб бермоқда. Бу муаммолар инсоният тақдирига бевосита дахлдор бўлган муштарак қадрият ва неъматларнинг емирилишига олиб келиб, одамлар ҳаёти ва фаолиятига таҳдид солмоқда, уларнинг даромад манбаларини қисқартирмоқда. Бундай мураккаб шароитда бир хақиқат аниқ: ҳеч бир мамлакат ёлғиз ҳолда ушбу глобал хавф-хатарларни четлаб ўтиш ёки бартараф этишга қодир эмас”, – дейди Президент.

Ушбу фикрлар бугун саммитнинг кенгайтирилган йиғилишида давлатимиз раҳбарининг нутқида ҳам алоҳида қайд этилди. Шунингдек, ШҲТ маконида барқарорлик ва тараққиётни таъминлашга хизмат қиладиган яна бир қатор таклиф ва ташаббуслар билдирилди. Муҳими, бу ҳаётий ташаббусларни амалга ошириш механизмлари ҳам кўрсатиб берилди. 

Самарали халқаро ҳамкорлик – бу дунёда барқарор, ишончли ва фаровон тарақиётнинг энг муҳим омилидир. Айнан шундай ёндашув замонамизнинг долзарб муаммоларини баҳамжиҳат ҳал этиш, янги хавф-хатар ва ижтимоий ларзалардан ҳимояланиш учун энг аниқ, мақбул ва самарали йўл ҳисобланади.

Амир Темур бобомиз “Темур тузуклари”да “Тажрибамдан билдимки, содиқ ва ҳақиқий дўст улким, дўстидан ранжимайди, дўстининг душманини ўз ёви деб билади. Агар керак бўлса, дўсти учун жонини ҳам аямайди”, – дея таъкидлаганлар. Ушбу ҳикмат бугун кўҳна Самарқандда меҳмон бўлиб турган давлат раҳбарларига олти аср аввал Соҳибқирон томонидан айтилган маслаҳат, ўгитдек гўё. Бинобарин, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг кўп қиррали тарихий саммитига Самарқанд мезбонлик қилаётганида ҳам ўзига хос рамзий маъно бор. Дунёнинг турли нуқталаридан ташриф буюрган халқаро кузатувчи ва экспертлар, журналистлар ҳам таъкидлашмоқда. Бу – Самарқанд руҳи тушунчасининг ўзаги бўлиб хизмат қилади.

Бугун ўзаро низолашиб турган мамлакатлар ҳам мазкур саммитдан сўнг барқарор, тинч ҳаётга қайтишига умид қиламиз. Ишончимиз комилки, мазкур халқаро анжумандан кейин давлатларимиз ўртасидаги муносабатлар, барча жабҳалардаги алоқалар ижобий томондан янада ривожланади.

Қаюм СОБИРОВ,

Жомбой тумани ҳокими.