Самарқанд шаҳри, Булунғур ва Жомбой туманларидаги айрим мактаб раҳбарлари соҳага оид фармон ва қарорлардан бехабар

Мактаб директори ва ўринбосарлари халқ таълими соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлардан нечоғлик хабардор?

Мактаб раҳбарининг муассасадаги таълим сифати ва самардорлигини назорат қилиш ҳолати қандай?

Таълим муассасаси куз-қиш мавсумини қандай ҳолатда кутиб олди?

Мактаблардаги турли йўналишга доир мавжуд реал ҳолатни ўрганиб, камчиликларни тизимли равишда бартараф этиш, халқ таълими ходимларининг масъулиятини янада ошириш мақсадида Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармасининг ишчи гуруҳи аъзолари умумтаълим муассасаларида бўлиб, мазкур муҳим масалаларга алоҳида эътибор қаратмоқда.

Таълим-тарбия соҳасини ривожлантириш, уни иллатлардан, муаммолардан тозалаш, ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этиш ҳақида эртаю кеч бонг уриляпти. Талаб ва таклифлар ўзгаряпти, илғор малака ва тажрибаларга таяниляпти. Бироқ айни жараёнда кимдир “уйғониб”, энди эскича ёндашув орқали ишлаб бўлмаслигини тушуниб ҳаракат қиляпти. Айримлар эса ҳатто “тебранмаяпти”...

Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси томонидан халқ таълими соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни умумтаълим муассасаларида кенг татбиқ этиш, педагоглар, мактаб директорларининг қўйилаётган талабларга мувофиқ олиб бораётган ишларини, таълим-тарбия жараёнларини ўрганиш, мактабларнинг куз-қиш мавсумига тайёрлигини кўздан кечириш мақсадида ишчи гуруҳлар тузилиб, мактабларда бўлмоқда.

Жорий йил 21 ноябрь куни бошқарма ишчи гуруҳи аъзолари Самарқанд шаҳри, Булунғур ва Жомбой туманларидаги жами 25 та умумтаълим мактабларида бўлди. Муассасалардаги таълим сифати ва самарадорлиги, мактаб директори, ўқитувчиларнинг ўз иш фаолиятига масъулияти, анъанавий ва онлайн таълим-тарбия жараёнларининг бориши, мактаб деворларига илинган пешлавҳалар, шиорларнинг тўғрилигини кўздан кечиришди.

Таълим соҳасини ривожлантириш бўйича Президентимиз томонидан қабул қилинган энг сўнгги фармон ва қарорларнинг мазмуни ҳақида нима дея оласиз?

Булунғур туманидаги 4-, 20- 61-мактаблар, Жомбой туманидаги 33-мактаб, Самарқанд шаҳридаги 13-, 53-мактаб директорлари ва директор ўринбосарларига шу савол берилганида, минг афсуски, аввало халқ таълими ходимларига кўрсатилаётган ғамхўрлик, халқ таълимининг келажагини белгилашда муҳим бўлган бу долзарб ҳужжатлар ҳақида икки оғиз жўяли фикр айта олишмади. Ваҳоланки, улардан “фалон бандида нима дейилган?” деб эмас, фақатгина мазмуни сўралганди. Қолаверса, бугун оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқларда, керак бўлса, 24 соат шу ҳақда фикрлар билдирилаётганига қарамасдан улардан ижобий жавоб ололмадик.

Биз мактаб директорлари ва ўқув ишлари, маъанавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосарларига навбатдаги савол билан юзландик: Ҳафтада қайси фан ўқитувчингизнинг дарсига кириб, неча соат дарс таҳлил қилдингиз, педагогларнинг билими, малака ва тажрибасидан хабардормисиз?

Буни қарангки, Самарқанд шаҳридаги 53-, 65-, 31-, 74-, 75-мактаблар, Булунғур туманидаги 3-, 4-, 14-, 53-, 61-, 71-мактаблар, Жомбой туманидаги 33-мактаб директори ва директор ўринбосарлари ўқув йили бошлангандан буён бир соат ҳам дарс таҳлил қилмаганлиги, очиқроқ айтганда, мактабдаги таълим сифати ва мазмунига лоқайдларча қараганлиги маълум бўлди. Аслида, белгиланган меъёрларга кўра, мактабнинг энг масъулиятли ходимлари ҳисобланган бу “қаҳрамонларга” бир ҳафтада камида 4 соатгача дарс таҳлил қилиш мажбурияти юклатилган.

Шу каби лоқайдлик ва бефарқликнинг мевасини кўринг: айнан ушбу мактабларни битирган ўқувчиларнинг бор-йўғи 2 ёки 3 фоизи олий таълим муассасасига ўқишга кирган. Ўқитувчилар орасида бирорта ҳам олий, ақалли биринчи тоифага эга педагог йўқ. Масалан, Самарқанд шаҳридаги 31-мактабни 2019/2020 ўқув йилида 105 нафар ўқувчи битирган ва уларнинг атиги 4 нафари (3,8 фоизи) ўқишга кирган. Ёки шаҳардаги 75-мактабда 37 нафар ўқитувчи фаолият олиб борса-да, улар орасида бирорта ҳам олий ёки биринчи тоифага эга ўқитувчининг ўзи йўқ. 45 нафар мактаб битирувчисидан 1 таси ОТМга ўқишга кирган, холос.

Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ишчи гуруҳи аъзолари ўқувчиларнинг давомати, синф журналларининг юритилиш ҳолатига ҳам эътибор қаратди. Онлайн таълим олаётган ўқувчиларнинг уйда дарс тайёрлаётгани ва бунга яратилган шароитлар билан ҳам бевосита танишди.

Мактаб ташқариси, синфхоналарда деворларга ўрнатилган шиорлар, кўргазмали воситалар, уларнинг мазмуни, имловий хатоликликлари эътибор марказида бўлди.

Ҳожатхоналарнинг санитар ҳолати, электр тармоғига уланганлиги, қўл ювиш учун яратилган шароитлар ўрганилди. Аксарият мактабларда қозонхоналар, мўриларнинг куз-қиш мавсуми олдидан тозаланмагани боис бу ҳолатлар синфхоналарни яхши исимаслигига ҳам олиб келмоқда.

Аниқланган барча камчиликларни бартараф этиш юзасидан амалий ёрдам берилиб, зарур тавсия ва тушунтириш ишлари олиб борилди. Мактаб директорлари ва ўринбосарларига мажбуриятлари эслатилиб, лоқайдлик ҳолатларига чек қўйиш тушунтирилди.

Мактаблардаги ўрганиш ишлари давом этади.

Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати.