Самарқанд шаҳрида учта меҳмонхона фойдаланишга топширилди
Самарқандда юртимиз мустақиллигининг 33 йиллик байрами муносабати билан бир қатор меҳмонхоналар фаолият бошлади.
Дастлаб шаҳардаги Мингтут маҳалласида "Emily grand palace" меҳмонхонаси фойдаланишга топширилди. Лойиҳа қиймати 2,5 миллион доллар бўлган мазкур меҳмонхона 90 ўринли бўлиб, 4 қаватдан иборат. Бу ерда 18 та янги иш ўрни яратилди.
Қўрғонча маҳалласи ҳудудида эса 100 ўринли "Siab" меҳмонхонасининг фаолият бошлаганига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Ушбу иншоот 3 миллион доллар маблағ эвазига бунёд этилди ва жиҳозланди. Бу ерда 48 хона, йиғилишлар зали, спортзал, сауна, очиқ бассейн, 100 кишилик ёпиқ ва ёзги ресторан мавжуд. 20 янги иш ўрни яратилган.
Байрам арафасида Шаҳриобод маҳалласида “Bog‘ishamol hotel" масъулияти чекланган жамияти томонидан 92 ўринли меҳмонхона ҳам ўз ишини бошлади. Қиймати 4 миллион АҚШ долларини ташкил этган мазкур меҳмонхона тўрт қаватли биноли бўлиб, бу ерда 46 та хона, ресторан, спорт зал, бассейн, сауна, трансфер хизматлари йўлга қўйилган. 20 нафар ишчи хизматчиларнинг бандлиги таъминланган.
Тадбирларда вилоят ҳокимининг ўринбосари Рустам Қобилов иштирок этиб, ушбу меҳмонхоналар Самарқандда туризм соҳасини ривожлантиришга хизмат қилишини эътироф этди. Иштирокчилар меҳмонхонада яратилган шароитлар билан танишди.
Бахтиёр Мустанов.