Самарқанд шаҳридаги 60 километрдан зиёд оқава сув тармоқларида қурилиш ишлари бажарилди
Мамлакатимизда хорижий ҳамкорлар билан биргаликда шу пайтгача бир қатор самарали ишлар амалга ошириб келинмоқда. Бу борада Самарқанд шаҳрининг оқава тизимини реконструкция қилиш бўйича Халқаро тараққиёт уюшмаси, Жаҳон банки лойиҳаси ва маблағи асосида бир қатор қурилиш ишлари амалга оширилиши режалаштирилган.
Жумладан, 54,3 километр янги оқава тармоғи ва 5,6 километрлик тармоқни қайта таъмирлаш, шаҳар оқава иншоотини тўлиқ реконструкция қилиш, ускуналарни замонавийлаштириш, Фарҳод қўрғонидаги оқавани тозалаш иншоотини реконструкция қилиш, 3 та оқава насос станциясини қайта жиҳозлаш белгиланган.
Ҳозирда битта оқава сув тозалаш иншооти, 60,2 километр оқава сув тармоқларида қурилиш ишлари бажарилди. Лойиҳа бўйича тежаб қолинган маблағлар ҳисобидан Самарқанд шаҳрида қўшимча равишда учта “КНС” (сувни кўтариб бериш) ва 45 километр канализация тармоқларини қуриш ва қайта таъмирлаш режалаштирилган.
Битта оқава сув тозалаш иншооти, 3 та оқава сув насос станцияларини қуриш ва таъмирлаш ишлари 2020 йилнинг июнь ойигача тугатилиши кўзда тутилган.
Ҳозирда ишларни лойиҳалаштириш корхонаси аниқланиб, лойиҳа ишлари давом этмоқда. Мазкур лойиҳалар натижасида 80 мингдан ортиқ аҳоли марказлаштирилган канализация хизматлари билан таъминланади.
Айни пайтда Жаҳон банки вакиллари юқоридаги масалалар юзасидан қилинган ишларни кўздан кечирмоқда.
“Сувоқава” ДУК Самарқанд шаҳар филиали ахборот хизмати.