Самарқанд шаҳридаги туғруқ мажмуаларида туғилганлик гувоҳномасини расмийлаштириш учун ортиқча ҳужжатлар талаб қилинган
Вилоят адлия бошқармаси томонидан “Туғилганликни қайд этиш билан боғлиқ комплекс давлат хизматларини кўрсатишнинг Маъмурий регламенти”да белгиланган тартиб ва муддатларига риоя этилиши ўрганилганда бир қатор қонун бузилиши ҳолатларига йўл қўйилгани аниқланган.
Қонунчиликка кўра, бола туғилганидан сўнг 1 иш куни ичида ўша жойдаги тиббиёт муассасаси ходими бола ва унга бериладиган исм, фамилия ва ота исми, ота-она ва уларнинг никоҳи ҳақидаги маълумотларни тегишли ахборот алмашинуви тизимига киритиши ҳамда ФҲДЁ бўлими томонидан туғилганлик ҳақидаги далолатнома ёзувини белгиланган тартибда қайд этиб, QR-код (матрик штрихли код) қўйилган туғилганлик ҳақидаги маълумотномани тиббиёт муассасасига юборгандан сўнг, уни ариза берувчиларга чоп этиб бериши белгиланган. Бироқ тиббиёт муассасалари томонидан ушбу талабларга амал қилинмаган.
Хусусан, Булунғур туман тиббиёт бирлашмасида 20 та ана шу ҳолатда 1 кундан 3 кунгача муддат бузилишига йўл қўйган. Шунингдек, масъул ходим хонасида “Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг биометрик паспорти тўғрисидаги Низом” талабларига зид равишда 20 га яқин фуқароларнинг (ота-оналар) паспортлари ва бошқа маълумотлари тизимга киритиш учун сақланаётганлиги аниқланган.
Фуқаро А.Н. 2022 йил 9 май куни фарзандли бўлганига қарамай Иштихон туман тиббиёт муассасаси томонидан туғилишни электрон тизимда 2022 йил 13 май куни қайд этган. Бу каби қонунбузилишлар Жомбой, Оқдарё, Пайариқ, Паст Дарғом, Самарқанд (7 та), Қўшработ (13 та ) ва Нарпай (15 та) туманларида ҳам такрорланган.
Бундан ташқари, тиббиёт муассасалари томонидан туғилишни қайд қилишда фуқаролардан ортиқча ҳужжатлар талаб қилинганлиги ҳам кузатилган. Масалан, Самарқанд шаҳар 2-сон туғруқхонасида туғилишни қайд қилиш билан боғлиқ давлат хизматларини кўрсатиш жараёнида фуқаролар А.П, П.М, Л.Х, Г.С.нинг паспорт, биометрик паспорт ва туғилганлик гувоҳномаси нусхалари, фотосуратлари талаб қилиб олинган. Бу каби ҳолатлар Самарқанд шаҳар 1-сон туғруқ мажмуаси, 2 ва 3-сон туғруқхоналарда 100 дан ортиқ ҳолатда такрорланган.
Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори билан тасдиқланган “Ўлимни қайд қилиш билан боғлиқ композит давлат хизматларини кўрсатишнинг Маъмурий регламенти”га асосан, давлат хизматини кўрсатиш тартиби ва муддатларига риоя этиш аҳволи ўрганилганда регламентнинг 6-банди ва 2-илова талабларига амал қилинмаганлиги ойдинлашди.
Масалан, Жомбой тумани тиббиёт муассасаси томонидан Ҳолвойи маҳалласида яшаган С.А. жорий йилнинг 11 май куни вафот этган бўлишига қарамай, ўлим ҳақида маълумотнома электрон тизимга жорий йилнинг 15 май куни, яъни 4 кундан сўнг киритилган. Самарқанд маҳалласида яшаган Ф.И. эса жорий йилнинг 21 март куни тиббиёт бирлашмасида вафот этган. Аммо бу ҳақдаги маълумот электрон тизим орқали ФҲДЁ бўлимига 9 кун кечиктириб юборилган. Худди шу каби ҳолат яна 136 та ҳолатда такрорланган. Бунга Нарпай Оқдарё, Пайариқ, Паст Дарғом, Пахтачи туманлари ҳамда Самарқанд шаҳар тиббиёт муассасаларида ҳам йўл қўйилган.
Бундан ташқари, марҳум ҳақида QR-код (матрик штрихли код) қўйилган ўлим ҳақидаги маълумотнома ўрнига қўлда тўлдирилган тиббий гувоҳнома ёки бошқа ҳужжат берилган. Жумладан, Жомбой тумани тиббиёт муассасаси томонидан жорий йилнинг 1 май куни фуқаро Б.Э.нинг уйида вафот этганлиги ҳақида электрон тизимда шакллантирилмаган (қоғоз шаклидаги тиббий гувоҳнома) ўлим ҳақида тиббий гувоҳнома 12 май куни расмийлаштирилиб, марҳумнинг қариндошларига ФҲДЁ бўлимига мурожаат қилиши учун берилган. Бунга ўхшаш ҳолатлар Самарқанд шаҳар тиббиёт бирлашмаси ва унинг таркибидаги 1, 3, 4, 5, 7, 9, 10-сон оилавий поликлиникалар томонидан 200 дан ортиқ ўлимни қайд этиш билан боғлиқ давлат хизматларини кўрсатишда ҳам такрорланган.
Ўлим ҳақидаги тиббий маълумотнома бериш жойларда марказлашган ҳолда, яъни фақатгина марказий тиббиёт бирлашмасидан берилиши, оилавий шифокорлик пунктлари ва поликлиникаларда маълумотнома бериш тизими жорий қилинмаганлиги аниқланган. Оқибатда Нуробод туман марказидан 110 км. узоқликдаги Саҳоба, Тутли, Ғўбдин маҳаллалари, Қўшработ туман марказидан 70 км. масофадаги Жонбулоқ каби маҳалла фуқаролари вафот этган шахснинг ўлим ҳақидаги маълумотномани олиш учун туман марказига келишига сабаб бўлмоқда. Афсуски, бундай ноқулайликлар вилоятдаги аксарият туманларнинг марказдан олис ҳудудларида ҳам мавжуд.
Албатта, аниқланган муаммо ва камчиликлар бўйича масъуллар қонунчиликда белгиланган тартибда маъмурий жавобгарликка тортилди. Бундан тўғри хулоса чиқариш эса бошқа фуқароларнинг ҳуқуқлари поймол этилишининг олдини олади.
Вилоят адлия бошқармаси ахборот хизмати.