Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанд шаҳрининг айрим кўчаларида транспорт ҳаракати вақтинча чекланади

Жорий йилнинг 11-13 июнь кунлари вилоятимизда Ёшлар фестивали ўтказилиши муносабати билан тадбирлар ташкил этиладиган ҳудудларда жиноятчиликнинг олдини олиш, жамоат тартибини сақлаш ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Самарқанд шаҳрининг айрим кўчаларида транспорт воситаларининг ҳаракати вақтинча чекланади.

Вилоят ҳокимининг 2021 йил 7 июндаги 07-01/94-сонли хатига асосан, 11 июнь куни соат 08:00 дан 09:00 гача:

- Регистон кўчасининг Регистон майдони олдидан Университет хиёбонидаги Амир Темур ҳайкалигача бўлган қисмида;

09:00 дан 11:00 гача:

- Воҳид Абдуллаев кўчасининг Ибн Сино кўчаси билан туташмасидан “Ҳазрати Хизр” масжидигача бўлган қисмида;

- Боғимайдон кўчасининг Даҳбет кўчаси билан туташмасидан Қўшҳовуз кўчасигача бўлган қисмида;

- Руҳобод кўчасининг Регистон кўчаси билан туташмасидан Амир Темур мақбараси орқали Университет хиёбонигача бўлган қисмида;

- Абдураҳмон Жомий кўчасининг Амир Темур кўчаси билан кесишган чорраҳасидан Мирзо Улуғбек кўчасигача бўлган қисмида;

- Ислом Каримов кўчасининг “Ҳазрати Хизр” масжидидан Шоҳи Зинда кўчасигача бўлган қисмида;

- Шоҳи Зинда кўчасининг “Сиёб” деҳқон бозоридан Улуғбек обсерваториясигача бўлган қисмида транспорт воситаларининг ҳаракати вақтинча тақиқланади.

Самарқанд вилояти ИИБ ЙҲХБ ахборот хизмати ҳайдовчилардан ҳаракатланиш мобайнида ўзаро ҳурматда ва сабрли бўлишларини сўраган.