Самарқанд шаҳрининг диққатга сазовор қадамжолари
Самарқанд - ер юзининг сайқали, ўз вақтида Амир Темур бирлаштирган йигирма етти давлатнинг пойтахти. Бу кўҳна заминда юзлаб диққатга сазовор, сайёҳлар эътиборини тортадиган тарихий масканлар бор. Қуйида уларнинг орасида энг машҳурларини эътиборингизга ҳавола қиламиз.
Регистон майдони. Бу гўзал тарихий маскан Самарқанднинг ўзига хос ташриф қоғози. Унда учта машҳур мадраса мавжуд – Улуғбек, Шердор ва Тиллакори.“Регистон” сўзи форс тилидан олинган бўлиб, “қумли жой”, яъни “рег” - қум, “истон” - туриш жойи демакдир.
Амир Темур ҳукмронлиги даврида ҳозирги Регистон майдони ўрнида марказий бозор бўлган. Ўша даврдан Самарқанд жаҳонга машҳур илму фан ва ҳунармандчилик маркази сифатида дунёга танилган. Барча йўллар савдо-ҳунармандчилик маркази бўлган Регистонда бир-бири билан туташган. Мирзо Улуғбек ҳукмронлиги даврида бозор тимлари бошқа жойга кўчирилади.
ХVII асрнинг биринчи ярмида Самарқанд ҳокими Ялангтўш Баҳодир вайрона ҳолатига тушиб қолган Регистон майдонида Улуғбек мадрасаси қаршисида Шердор мадрасасини, унинг ёнида эса Тиллакори мадраса-масжиди ўз маблағлари ҳисобидан бунёд эттирди. Регистон майдони ўзининг ранг-баранг кошинкори безаклари; нақшинкори пештоқлари, улкан гумбазлари билан Марказий Осиё меъморчилигининг ноёб ёдгорлиги ҳисобланади.
Ҳазрати Хизр масжиди – Самарқанддаги меъморий ёдгорлик, у афсонавий ўлмас тақводор инсон Ҳазрати Хизр (Қусам ибн Аббос) номи билан боғлиқ. Бино Шоҳи Зинда мажмуаси қаршисидаги тепаликда жойлашган қадимий масжид пойдевори устига қурилган (меҳробдаги ёзувга кўра 1855 йил).
Шоҳи Зинда - Самарқанддаги меъморий ёдгорлик. Афросиёб тепалиги жанубида жойлашган қабристондаги мақбаралар ҳамда масжид, минора ва мадрасадан иборат мажмуа. Шоҳи Зинда меъморий мажмуаси Қорахонийлар сулоласи томонидан асос солинган. Бу мақбара Қусам ибн Аббосга тегишли зиёратгоҳ ҳисобланади. Шоҳи Зинда мажмуасидаги асосий обидалар Амир Темур ва Темурийлар даврида қурилган.
Амир Темур ва Темурийлар мақбараси. Амир Темур мақбараси – Самарқанддаги меъморий ёдгорлик. Мақбарага темурийлар сулоласига мансуб кишилар (Амир Темур, унинг пири Мир Саййид Барака, ўғиллари Мироншоҳ ва Шоҳрух, набиралари Муҳаммад Султон, Улуғбек ва бошқалар) дафн этилган. Бобурнинг таъкидлашича, дастлаб Темурнинг набираси Муҳаммад Султон Мирзо Самарқанд қалъаси яқинида Тошқўрғон томонда мадраса қурдирган. Муҳаммад Султон ҳалок бўлгач (1403), Амир Темур унинг хотирасига мақбара қуриш ҳақида фармон беради. Мақбара мадраса ҳовлисининг тўрида бунёд этилган.
Хожа Дониёр мақбараси — Самарқанддаги меъморий ёдгорлик (XX аср бошларида қурилган). Афросиёб қўрғонининг кунчиқар томонида, Сиёб ариғи ёқасида. Авлиё Хожа Дониёр қабри устида қурилган. Чўзиқ (15 метрга яқин) тўртбурчак тарҳли, пештоқ, беш гумбазли хонадан иборат. Пештоқи (шим. томонда) ҳамда унинг икки ёнидаги қуббали, кўзасимон курсили гулдасталари ганч ўймакорлиги билан безатилган, ён томонларига ҳам равоқлар ишланган. Мақбара ичида чўзинчоқ дахма бор. Мақбара яқинидаги булоқ аҳоли орасида табаррук ҳисобланади. Абу Тоҳирхожанинг "Самария" асарида ёзилишича, Хожа Дониёр (Дониёл) Қусам ибн Аббоснинг сафдошларидан бўлган.