Самарқанд тажрибаси республикага намуна бўлди
![](https://static.zarnews.uz/crop/8/b/720__80_8b34310240325e512a85c92ada90a6b2.jpg?img=self&v=1739376581)
Хабар берганимиздек, вилоятимизда давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган янги тизим асосида аҳолининг томорқа ва ижара ерларидан самарали фойдаланиш орқали даромадларини оширишга қаратилган республика кўргазмали семинари бўлиб ўтди.
Семинарни ўтказиш учун Самарқанд танлангани бежиз эмас. Чунки янги тизим асосида аҳолининг томорқа ва ижара ерларидан самарали фойдаланиш орқали даромадларини ошириш борасида вилоятда катта тажриба тўпланган. Шунингдек, “Бир маҳалла - бир маҳсулот” тамойили асосида ҳар бир маҳаллани аниқ бир йўналишга ихтисослаштириш, хонадонларни кооперация усулида бириктириш ва етиштирилган маҳсулотни марказлашган ҳолда реализация қилиш йўлга қўйилган.
Дастлаб семинар иштирокчилари Самарқанд туманидаги Шўрбойича маҳалласида аҳолига ижарага берилган ерларда “Бир контур - бир маҳсулот” тамойили асосида сабзи етиштириш, ички бозорга етказиб бериш ва экспортга чиқариш жараёнлари билан танишди.
3700 нафар аҳоли истиқомат қиладиган ушбу маҳаллада 642 та хонадон, 1003 та оила мавжуд. Умумий ер майдони 43 гектар бўлган маҳалла боғдорчилик ва деҳқончиликка ихтисослашган. 15 та хонадонда иссиқхоналар ташкил этилган бўлиб, улар лимончилик билан шуғулланади.
Ижара ердан йилига 100 миллион сўмдан ортиқ даромад
2023 йилда маҳаллада 5 гектар ер майдони 16 нафар ишсиз фуқарога ўртача 30 сотихдан 30 йил муддатга ижарага берилган. Ижара ерларида “Бир контур – бир маҳсулот” тамойили асосида “дуга” шаклидаги плёнка остига экинлар экилиб, йилига уч маротаба ҳосил олинмоқда. Шу маҳаллада истиқомат қилувчи Отабек Илёсов 30 сотих майдонда деҳқон хўжалиги ташкил этиб, плёнка остида 2 йилда 5 хил маҳсулот етиштиради ва 100 миллион сўмдан ортиқ даромад қилади.
Шундан сўнг семинар иштирокчилари тумандаги Деҳнав маҳалласида томорқа ер майдонларидан самарали фойдаланиш, етиштирилган маҳсулотни ички бозор ва экспортга йўналтириш жараёнлари билан танишди.
- Маҳалламизда иссиқхона хўжаликлари ва чорвачиликни ривожлантириш ҳамда қўшимча даромад олиш учун аҳолига 3 миллиард 100 миллион сўм кредитлар ажратилган, - дейди шу маҳалла банкири Азизбек Камолов. – Тадбиркорлар томонидан мева-сабзавотни сақлаш учун музлаткичли омборхоналар ҳам ташкил этилган. Маҳалламиздаги 300 дан ортиқ оила томорқачилик билан шуғулланади, 20 дан ортиғида иссиқхона бор. Шу сабабли бу ерда ишсиз фуқаро йўқ.
Ушбу маҳалладаги хонадонларнинг аксарияти тузлама тайёрлаш билан ҳам шуғулланади. Хонадонларда 300-400 тоннагача тузлама тайёрланиб, бозорга чиқарилади. Семинар давомида Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институти томонидан агроинновация усулида хурмо тайёрлаш ва экспорт қилиш жараёнлари кўрсатиб берилди.
Редискадан 80 миллион сўм
Маҳалладаги томорқачилар иссиқхонада редиска экиб, мавсум давомида 65-80 миллион сўмгача даромад олишади. “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойили асосида хонадонлар шу маҳсулотни етиштиради ҳамда ички бозор ва экспортга чиқаришади.
- Тасарруфимизда 13 сотих ер майдонимиз бор, - дейди Маъсуда Тошпўлатова. – 2014 йилда 13 миллион сўм кредит олиб, 4 сотих майдонда иссиқхона ташкил этдик, 3 киши шу иссиқхонада доимий ишлаб, фойдамиздан яна 2 сотихли иссиқхона қурдик. Кейинги даромаддан уч бош қорамол олдик. Кооперация асосида уч томонлама тузилган шартномага асосан уруғни ўзлари келтириб беришади ва биз экиб парваришлаймиз, тайёр маҳсулотни ҳам уйимиздан олиб кетишади. Иссиқхонада икки маротаба редиска экамиз, бўшаган майдонда кўкат, сўнгра помидор, бодринг етиштирамиз. Шу аснода йил давомида ердан даромад оламиз. Асосийси, маҳсулотимиз қолиб кетмайди, зарурат бўлганда, маҳсулотимизни ўзимиз ҳам бозорга чиқариб сотамиз. Биргина редисканинг ўзидан 50 миллион сўмга яқин даромад оламиз, бошқа экинлар даромадини ҳам қўшсак, иссиқхонанинг ўзидан 80 миллион сўм атрофида даромад қилиш мумкин. Томорқачиларга кўмак сифатида субсидия асосида мотокультиватор берилгани ҳам меҳнатимизни енгиллаштирди.
Шу ерда давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган янги тизим асосида Деҳнав маҳалласининг ихтисослашуви, “Бир маҳалла – бир маҳсулот” тамойилини жорий этиш, маҳсулотларни ички бозорга етказиб бериш, маҳалланинг экспорт салоҳияти бўйича тақдимот ўтказилди.
Кўкатчилик маҳалланинг асосий даромадига айланган
Кўкатчилик маҳаллаларнинг асосий драйвер йўналишларидан бирига айланган. Туманда бу йўналишни янада ривожлантириш учун суғориш тизими оғир бўлган яна 10 та маҳаллада артезиан қудуғи қазиб, кўкатчиликка ихтисослаштирилади. Чунки оддий ҳисоблаганда ҳам Самарқанд шаҳрида 1 миллионга яқин аҳоли истиқомат қилади, йил давомида қарийб яна шунча сайёҳ келади. Уларни сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари биан таъминлаш устувор вазифа. Бу йўналиш ана шу режаларнинг бир қисми ҳисобланади.
- Семинарда қатнашиб, ўзимизда ишга солинмаган имкониятларини кўряпман, - дейди Хоразм вилояти ҳокимининг ўринбосари Ўктам Машарипов. – Ҳар бир вилоятнинг ўзига яраша иқлими, шароити бор, лекин шунга қарамасдан бизда ҳам Самарқандда қилинган ишларни амалга ошириш имконияти бор. Бу ерда бизга энг маъқул бўлгани уруғ етказувчи, агротеххизматлар кўрсатувчи, етиштирувчи, сақлаш ва қайта ишловчи, экспортёрларнинг бир-бирига боғлангани бўлди. Деҳнав маҳалласининг ўзидан бир йилда 15 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинар экан. Бу битта маҳалла учун жуда яхши кўрсаткич. Яна икки йилда беш марта ҳосил олиш, ернинг ҳар қаричидан унумли фойдаланиш, экинларни даврийлигидан келиб чиқиб, бири бошқасига халал бермасдан ҳосил олишни ташкил қилиш катта натижа ҳисобланади. Биз ҳам бу тажрибаларни ўргандик ва ўзимизда татбиқ этишни режалаштиряпмиз.
Республикамизнинг жанубий вилояти бўлган Сурхондарёдан келган соҳа масъуллари ҳам бу каби деҳқончиликни ўзларида амалга ошириш мумкинлигини билдиришди. Шу боис улар ҳар бир экиннинг экилиши, парвариши, юқори ҳосил олиш йўллари, уруғликни тўғри танлаш, сақлаш ва қайта ишлаш, сотиш имкониятларига алоҳида эътибор қаратишди.
Сурхондарёда Самарқанд тажрибасини қўллаймиз
- Семинарда вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, Марказий банк вилоят бош бошқармаси, бандлик бошқармаси бошлиқлари ва 9 туман ҳокими, уларнинг ўринбосарлари ва ҳоким ёрдамчилари қатнашяпти, - дейди Сурхондарё вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Шерзод Ражабов. – Бу тадбир айни экиш мавсуми олдидан муҳим пайтда ташкил қилинган. Бугун бизда йўқ тажриба, яъни уруғ таъминоти, етиштирувчи ва харид қилувчи тармоғининг йўлга қўйилгани, маҳсулотни сақлашдан тортиб, харидорга етказиб беришгача бўлган қўшилган қиймат занжири яратилаётгани биз учун катта тажриба бўлди. Айниқса, Самарқандда агрономлар фаолияти яхши йўлга қўйилгани эътиборимизни тортди. Уларни ҳар бир маҳаллага бириктириб, тажрибасидан фойдаланилаётгани “Бир контур – бир маҳсулот” тамойилига тўғридан тўғри ёндашув, деса бўлади. Иссиқхоналарда газ ва кўмир ишлатмасдан маҳсулот етиштиришни республиканинг барча вилоятларида амалга ошириш мумкин. Сурхондарёда ҳам кейинги 5-6 йилда томорқа маданияти анча ривожланди, маҳаллаларнинг ихтисослашуви 75-80 фоизга яқинлашди. Сурхондарёни Самарқанд билан солиштирадиган жиҳатларидан бири бизда баҳор эрта келгани ҳисобига барча қишлоқ хўжалик маҳсулотлари республикада биринчи бўлиб тайёр бўлади. Шу боис бизда кўп харажат қилмасдан юқори даромад олиш имконияти бор.
Туризм – истиқболли йўналиш
Семинар қатнашчилари Самарқанд туманидаги Конигил маҳалласи Сиёбча канали бўйида олиб борилаётган ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишлари билан танишишди. Туризм ва соҳилбўйи атрофида амалга оширилаётган лойиҳалар тақдимоти ўтказилди.
- Бугун республикадаги 71 та оғир туман раҳбарлари, ўринбосарлар, ҳоким ёрдамчилари иштирокида камбағалликни қисқартиришда томорқа имкониятларидан ва ижарага берилган деҳқон хўжаликларидан самарали фойдаланиш бўйича тажрибалар ўртоқлашилди, - дейди Бухоро вилояти Олот тумани ҳокими Наргиза Неъматова. – Асосийси, ернинг тупроқ қатламига зарар етказмасдан ва ҳосилдорлигини камайтирмасдан қайси маҳсулотдан кейин қайсини жойлаштириш, алмашлаб экиш қоидалари ва асосийси, доимий равишда харидоргир ва юқори даромадли экинлар етиштириш жараёни бизга тажриба бўлди. Самарқандда анча аввал йўлга қўйилган “Бир контур – бир маҳсулот” тамойили бизда анча кеч бошланди. Бугунги семинардан хулоса сифатида шу ишларни амалга ошириш бўйича ўзимизга режалар белгиладик.
Соҳа кўргазмаси кўрганларимизнинг исботи
Кун давомида ўтказилган кўргазмали семинар якунида давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган янги тизим асосида ҳудудларда аҳолининг томорқа ва ижара ерларидан самарали фойдаланиш орқали даромадларини ошириш чора-тадбирлари мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирокида муҳокама этилди.
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазири Б.Зоҳидов, Марказий банки раиси Т.Ишметов, вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи А.Бобоев ва бошқалар сўзга чиқиб, Самарқанд вилояти мисолида янги тизим асосида аҳолининг томорқа ва ижара ерларидан самарали фойдаланиш, маҳалла ихтисослашуви ҳамда “компания — кооператив — деҳқон хўжалиги” тамойили бўйича кооперативлар ташкил этиш механизмлари ҳақида фикрларни билдирди.
Шунингдек, семинарда соҳа масъуллари ва мутахассислар томонидан сердаромад сабзавот, полиз экинлари ва картошка уруғларини тайёрлаш, экиш ва парваришлаш ҳамда томорқалардан йилига икки-уч марта ҳосил олиш бўйича агротехник тадбирлар, мевали ва ток кўчатларини экишга тайёрлаш, экиш ҳамда мавжуд мевали дарахтлар ва узумларга шакл бериш бўйича агротехник ишлар, аҳоли томорқаларини сув билан таъминлаш, томчилатиб суғориш тизими орқали экинлар етиштиришни йўлга қўйишнинг афзалликлари ҳақида маъруза ва тақдимотлар ўтказилди.
Ўктам Худойбердиев,
Фазлиддин Рўзибоев.