Самарқанд туманида спортга эътибор берилмайдими?

2021 йилда туманда юриш, югуриш, мини-футбол, велоспорт, бадминтон, стритбол, “Workоut” (маҳалла ва кўча фитнеси) каби спортнинг устувор турларини оммалаштириш мақсадида 28 километр саломатлик, 23,5 километр велойўлак, 16 та “Workout”, 14 та стритбол майдончаси фойдаланишга топширилган.

Спорт зал таъмирланганига 5 йил бўлмасдан таъмирга муҳтож

Туманда 258 та спорт иншооти бор. Шундан иккитаси болалар-ўсмирлар спорт мактаби бўлиб, уларда 96 нафар тренер-ўқитувчи 31 спорт тури бўйича 2420 нафар ўғил-қизга машғулот ўтмоқда.

- 2014 йилда фойдаланишга топширилган муассаса биноси уч йил ўтмай қайтадан жорий таъмирланди, - дейди 1-болалар-ўсмирлар спорт мактаби директори ўринбосари Акмал Исаев. – Мана, яна беш йил ўтмасдан спорт залнинг пол қисми қўпорилиб кетди. Бу ноқулайлик туфайли спортчилар залда шуғулланиш вақтида жароҳат олмоқда. Ҳолат юзасидан туман ҳокимлигига, вилоят спорт бошқармасига мурожаат қилдик. Аммо залнинг таъмирланиши дастурга киритилганлигидан бошқа жавоб ололмадик.

Спорт зал йўқ, ўқитувчилар етишмайди

Туманда 2003 йил фойдаланишга топширилган 2-болалар-ўсмирлар спорт мактаби 2017 йилда қисман таъмирланган. Ҳозир муассасада 38 нафар тренер-ўқитувчи 15 спорт туридан 1054 нафар ўқувчига машғулот ўтмоқда.

– Муассасамиз кичиклиги ва спорт зал йўқлиги учун машғулотлар ўрта мактабларда олиб бориляпти, - дейди мактаб директори Ҳамидилло Нурманов. – Иншоотда футбол ва баскетбол бўйича фақат очиқ ҳавода машғулот ўтказишга шароит бор. Спортчилар учун кийиниш ва ювиниш хоналари йўқ. Қарийб 20 йил олдин қурилган трибуна ва ўриндиқлар таъмирталаб ҳолатга келиб қолган. Бунинг устига камондан отиш ва велоспорт турлари бўйича мутахассислар етишмайди. Масъуллар бу муаммоларнинг кейинги йилда бартараф этилишини маълум қилди. Аммо ҳали ҳеч қандай амалий иш бош­ланган эмас.
Самарқанд туманида соғлом турмуш тарзига ва оммавий спортни тарғиб қилиш, ривожлантириш борасида спорт иншоотлари ҳамда мактабларда юқоридаги каби муаммоларга эътибор керак.

Фазлиддин Рўзибоев.