Самарқанд туманларидаги ихтисослаштирилган мактаблар сони кўпайтирилади

Бу ҳақда вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Саидаҳмад Усмонов журналист ва блогерлар билан ўтказилган “Халқ таълими соҳасидаги ислоҳотлар ва уларнинг ижросини таъминлаш бўйича вилоят халқ таълими тизимида амалга оширилаётган ишлар” мавзусидаги матбуот анжуманида айтиб ўтди.

Вилоят Матбуот уйида ташкил этилган анжуманда бошқарма бошлиғи томонидан бугунги кунда халқ таълими соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, мактабларнинг миллий рейтингдаги ўрни, таълим сифати паст мактаблардаги мавжуд муаммоларни бартараф этиш чора-тадбирлари, олий тоифали методистларни кўпайтириш ва уларнинг ойлик маошини, таълим сифатини оширишда “Самарқанд тажрибаси” ҳақида маълумот берилди.

- Бугун вилоятимизда 55 мингдан ортиқ ўқитувчилар фаолият юритади, - дейди С.Усмонов. – Уларнинг 1049 нафари олий тоифали ўқитувчилардир. Олий тоифали ўқитувчиларни кўпайтириш бўйича тизимли ишлар амал оширилаяпти.

Таълим сифатини оширишда услубчиларнинг ўрни катта. Аммо ойлик иш ҳақи пастлиги учун уларнинг фаолияти кўп мактабларда ташкил этилмаган. Шу боис уларнинг ойлигини ошириш орқали мактабларда методистларни кўпайтирмоқчимиз.

2019-2020 ўқув йилида 53583 нафар битирувчининг 5359 нафари ўқишга кирган. Ўтган ўқув йилида 324 та мактабнинг бирорта ўқувчиси ўқишга кира олмаган бўлса, 2019-2020 ўқув йилида бу 147 тани ташкил этди.

Агар таҳлилларга қарайдиган бўлсак, вилоятда фаолият юритаётган ихтисослашган давлат умумтаълим мактабларининг 80-70 фоиз ўқувчилари олий таълим муассасаларига ўқишга кирган. Жумладан, Самарқанд шаҳридаги 1-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабининг 37 нафар битирувчисидан 30 нафари, Оқдарё туманидаги 52-ихтисослаштирилган давлат умутаълим мактаб-интернатининг 45 нафар битирувчисидан 34 нафари талаба бўлган. Шунинг учун ҳар бир туманда ихтисослаштирилган мактабларни кўпайтиришни режалаштирганмиз.

Вилоятда Президентимизнинг янги Фармон ва Қарорларининг ижросини таъминлаш, мавжуд камчиликларни тизимли равишда ҳал этиш мақсадида 2020 йил 16 ноябрь куни Самарқанд вилояти ҳокимининг қарори қабул қилинди.

Ушбу қарор билан вилоятда таълим сифати ва самарадорлиги бўйича энг кўп муаммолар мавжуд бўлган Паст Дарғом ва Ургут туманларида “Самарқанд тажрибаси” йўлга қўйилади. Самарқанд давлат университети Ургут туманига, Самарқанд давлат чет тиллар институти Паст Дарғом туманига ва вилоятимизда мавжуд 8 та олий таълим муассасалари туманларга бириктирилди. Шу билан бирга мактаб ўқитувчиларининг билим даражасини ошириш ва мустаҳкамлаш, уларни доимий равишда ўз устида ишлашини ташкил этишга қаратилган “Устозлар беллашуви”ни ўтказиш белгиланди.

Жорий йилда Самарқанд шаҳрида Мирзо Улуғбек номидаги математика ва физика фанларига ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернати ташкил этилди.

Мактаб-интернатга айни пайтда умумтаълим мактабларининг 7- ва 8-синфида таълим-тарбия олаётган 120 нафар (60 нафар 7-синф, 60 нафар 8-синф) иқтидорли ўқувчи-ёшлар танлов асосида қабул қилинади. Мактабда ўқувчиларнинг математика, физика, информатика ва инглиз тили фанларини чуқур ўрганиши, ушбу фанлардан республика ва халқаро фан олимпиадаларида муваффақиятли иштирок этиши таъминланади.

Матбуот анжуманида журналист ва блогерлар умумтаълим муассасаларидаги коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш, ўқитувчилар билим савиясини ошириш, спорт билан шуғулланишини доимий ташкил этиш ва бошқа масалаларга доир саволларига жавоб қайтарилди.

Насиба ЖОНТЎРАЕВА.