Самарқанд вилоятида фаолият кўрсатаётган корхоналарнинг бюджет олдидаги қарздорлиги 310,6 млрд. сўмни ташкил этади
Жойларда амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари, янги йўллар, мактаблар, ижтимоий соҳа обеъктлари қурилаётганига ҳар бир ҳамюртимиз гувоҳ бўлиб турибди. Амалга оширилаётган ишларга тадбиркорлар, қолаверса ҳар биримиз тўлаётган солиқлар орқали ўз ҳиссамизни қўшиб келяпмиз.
- Шу ўринда қишлоғида йўли таъмирталаб, симёғочлари эскирган, мактабининг том қисми алмашиши керак бўлган фуқароларда ҳақли савол туғилиши аниқ, - дейди вилоят солиқ бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Даврон Равшанов. - “Биз ҳам солиқларни тўлаяпмизку! Нимага бизнинг муаммолар ўз ечимини топмаяпти!”. Бунёдкорлик ишлари Давлат дастурлари, “Опен бюджет” орқали босқичма-босқич амалга оширилади.
Тезроқ амалга оширилиши учун эса кўпроқ маблағ зарур. Турли сабаблар билан солиқларни тўламасдан, солиқ қарздорликларини юзага келтирган тадбиркорлик субъектларининг “шарофати” билан кўплаб ишлар ортга сурилади.
Жорий йилнинг 1 июнь ҳолатига Самарқанд вилоятида фаолият кўрсатаётган корхоналарнинг бюджет олдидаги жами қарздорлиги 310,6 млрд. сўмни ташкил этиб, йил бошига (408,0 млрд. сўм) нисбатан 97,4 млрд. сўмга камайган.
Ушбу мавжуд солиқ қарздорликларини бевосита соҳалар кесимида таҳлил қилсак. Бу борада “биринчилик” фермер хўжаликларида. Уларнинг бугунги кундаги қарздорликлари 148,6 млрд сўмни ташкил қилади.
Шунингдек, вазирлик таркибидаги корхоналарда 5,8 млрд. сўм, савдо (чакана ва улгуржи) тизимидаги корхоналарда 40,8 млрд. сўм, қурилиш тизимидаги корхоналарда 30,0 млрд. сўм, транспорт тизимидаги корхоналарда 2,7 млрд. сўм, умумий овқатланиш корхоналарда 1,8 млрд. сўм, бошқа корхоналарда 80,7 млрд. сўмни ташкил қилади.
Таъкидлаш лозимки, солиқ қарзини ундириш ва қисқартириш борасида вилоят солиқ хизмати органлари ходимлари тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда муайян ишларни амалга оширмоқда. Жумладан, жорий йилнинг ўтган даврида солиқ қарзи мавжуд корхоналар ҳисобидан 253,5 млрд. сўм маблағ ундирилди.
Шунингдек, Солиқ кодексининг 116-моддаси талаблари асосида 415,2 млрд. сўмлик қарздорлик юзасидан 63 702 та огоҳлантириш талабномалари берилди.
Белгиланган муддатларда солиқ қарзини тўламаган корхоналарнинг 163,8 млрд. сўмлик солиқ қарзини мол-мулкидан ундириш юзасидан 11 917 ҳолатда солиқ хизмати органлари қарорлари тайёрланиб, мажбурий ижро бюроси ҳудудий бўлимларига юборилди.
Ҳамкорликда 372 та қарздорларнинг 177 та нотурар бинолари, 42 та автотранспорт воситалари, 62 та махсус техникалари ва 53 та бошқа турдаги мол-мулклари хатланди. Шундан, Мажбурий ижро бюроси ҳудудий бўлимлари билан ҳамкорликда бюджетга 62,6 млрд. сўм солиқ қарзи ундирилди.
Ҳурматли тадбиркорлар, сиз тўламасдан юзага келтирган солиқларингиз ҳисобидан жуда кўп муаммолар ўз ечимини топиши мумкин. Шундай экан солиқларни ўз вақтида тўлашни унутманг!