Самарқанд вилоятидаги маъмурий судлар 2 минг 185 нафар шахсга нисбатан маъмурий қамоқ жазоси тайинлаган

Матбуот уйида бўлиб ўтган брифингда вилоят маъмурий суди раиси Б.Диёров биринчи инстанцияда судларига кўриш учун 16 минг 885 нафар шахсга нисбатан 13 минг 281 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар  келиб тушгани ҳақида маълум қилди.

Таҳлилларга кўра, прокуратура органларининг 989 нафар, солиқ идораларининг 1591 нафар, ички ишлар органларининг 11 минг 721 нафар шахсга нисбатан маъмурий ишлари кўриб чиқилган.

Ҳисобот даврида 8 минг 548 та маъмурий ишлар бўйича 10 минг 125 нафар шахсга нисбатан маъмурий жазо қўллаш ҳақида қарор чиқарилган. Шундан 6 минг 735 та маъмурий иш бўйича 7 минг 871 нафар шахсга нисбатан жарима жазоси, 1744 та маъмурий иш бўйича 2 минг 185 нафар шахсга нисбатан маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.

Бундан ташқари, 88 та иш 147 нафар ҳуқуқбузарлар ҳаракатида жиноят аломатлари бор-йўқлигига баҳо бериш учун прокуратура идораларига юборилган. Яна 129 та иш бўйича 511 нафар шахсга нисбатан суриштирув давомида йўл қўйилган камчиликларни бартараф қилиш учун суриштирув органига қайтарилган. Ҳисобот даврида 3 та шахсга нисбатан очилган 3 та иш вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссияга юборилган.

Ишлардан 56 таси бўйича 78 нафар шахснинг ҳаракатида маъмурий ҳуқуқбузарлик аломати йўқлиги боис тугатилиб, мазкур ишлар бўйича маъмурий баённома тузган мансабдор шахсларга нисбатан тақдимнома киритилган.

Маъмурий судлар томонидан ўтган олти ойда кўрилган ишлари бўйича 8 миллиард 365 миллион 700 минг сўм жарима жазоси тайинланган.

Ёқубжон МАРҚАЕВ.