Самарқандда маъмурий судлар ҳокимларнинг ер билан боғлиқ 40 та қарорини ҳақиқий эмас деб топди

  Бу ҳақда Самарқанд вилоят, туманлараро маъмурий судларининг 2021 йил биринчи ярми давомидаги фаолияти юзасидан ўтказилган брифингда маълум қилинди.

  Самарқанд вилоят маъмурий суди раиси Тоҳир Файзиевнинг қайд этишича, вилоят ҳамда туманлараро маъмурий судлари томонидан жорий йилнинг дастлабки олти ойида оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган 626 та маъмурий иш кўриб тамомланган. Бу ишларнинг 170 таси қаноатлантирилган, 342 таси рад қилинган, 58 таси иш юритишдан тугатилган, 56 таси кўрмасдан қолдирилган.

  Жумладан, туман ва шаҳар ҳокимликларининг қарорларини ҳақиқий эмас, деб топиш билан боғлиқ 213 та иш кўрилган. Натижада ҳокимларнинг ер билан боғлиқ 40 та қарорлари ҳақиқий эмас деб топилган.

  Шунингдек, туман, шаҳар ҳокимликлари ва бошқа давлат органларига мажбурият юклатиш билан боғлиқ 301 та иш кўрилиб, ҳокимларнинг ҳаракатлари қонунга ҳилоф деб топилган ва мажбурият юклатиш тўғрисида ҳал қилув қарорлари чиқарилган.

  Худди шундай ФҲДЁ бўлимлари мансабдор шахсларининг ҳаракати (ҳаракатсизлиги) билан боғлиқ 70 та иш кўриб чиқилган ва 47 иш бўйича мансабдор шахсларга мажбурият юклатиш тўғрисида ҳал қилув қарорлари қабул қилинган.

  Бюджетдан ташқари пенсия жамғармаси мансабдорларининг хатти-ҳаракатларини қонунга ҳилоф деб топиш билан боғлиқ 42 та ишдан 32 таси бўйича жамғарма туман бўлимлари мансабдор шахсларининг ҳаракати қонунга хилоф деб топилиб, фуқароларнинг ҳуқуқлари тикланган.

  Вилоят суди апелляция инстанциясида оммавий ҳуқуқий муносабатларга оид 151 иш кўрилиб, суд қарорларининг 123 таси ўзгаришсиз қолдирилган, 23 таси бекор қилинган ва 5 та апелляция шикояти иш юритишдан тугатилган.