“Самарқанд” халқаро аэропортида қиймати 8 миллион сўмдан зиёд бўлган 62 дона атир ушлаб қолинди

Москвадан “Шереметьево-Самарқанд” йўналишидаги авиарейс билан учиб келган фуқаро А.А. Самарқанд халқаро аэропортида “Яшил йўлак”дан ўтаётганида божхона ходимларининг эътиборини тортди. Унга тегишли юк халтаси холислар иштирокида текширилганда фуқаронинг сумкасида умумий қиймати 8 миллион сўмдан зиёд бўлган 62 дона атир маҳсулотлари борлиги аниқланди. Ҳолат юзасидан божхоначилар томонидан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома расмийлаштирилди.

Ушбу ҳолат бўйича ўтказилган суд мажлисида фуқаро А.А. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга асосан ҳуқуқбузарлик содир қилган, деб топилди ва энг кам ойлик иш ҳақининг икки баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди. Ноқонуний келтирилган атир маҳсулотлари эса тегишли тартибда давлат фойдасига мусодара қилинди.

Эслатиб ўтамиз, амалдаги тартиб-қоидага кўра, жисмоний шахслар божхона чегаралари орқали 3 донадан кўп бўлмаган атир ва ифор таратувчи сувларни божхона тўловларисиз олиб кириши мумкин.

Самарқанд вилоят божхона бошқармаси ахборот хизмати.