Самарқандда 116 эҳтиёжманд оила ўз хонадонига эга бўлди
Самарқанд шаҳрида кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда етим болалар учун қурилган учта кўп қаватли уй фойдаланишга топширилди.
Шаҳарнинг Нурли келажак маҳалласидаги 116 хонадондан иборат мазкур уйларнинг қурилиши учун маҳаллий бюджетдан 19,3 миллиард сўм, хонадонларни тайёр ҳолатга келтириш ҳамда жиҳозлаш учун ҳомийлар ҳисобидан 1,2 миллиард сўм маблағ сарфланган.
Хонадонларни ўз эгаларига топшириш маросими катта шодиёнага айланиб кетди. Тантанали тадбирда вилоят ҳокимлиги, сектор раҳбарлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов ўз уйига эга бўлаётган инсонларни табриклаб, ижтимоий кўмакка муҳтож фуқаролар, етим ва ота-онасиз қолган болалар давлатимизнинг доимий эътиборида эканлигини таъкидлади.
Мазкур хонадонларнинг 76 таси яшаш жойи бўлмаган, ижтимоий ҳимояга мухтож, ногирон ҳамда кам таъминланган фуқароларга доимий яшаш ҳуқуқи билан, 38 таси эса етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга берилди. Шунингдек, бу ерда маҳалла фуқаролар йиғини ва профилактика инспектори учун ҳам хоналар ажратилди.
- Турмуш ўртоғим билан болаликдан ногиронмиз, - дейди янги уй соҳиби Сергей Балалян. - Шу пайтгача ижтимоий уйда бир хонали квартирада турган эдик. Фарзандли бўлганимиздан кейин вилоят ҳокимига мурожаат қилган эдик, мана бугун шу масалага ечим топилди. Қувонарлиси бугун тушгача СамДАҚИда диплом ишимни ҳимоя қилдим, куннинг иккинчи ярмида эса янги уйга кўчиб кирдик. Куни кеча ҳоким ва битирувчи ёшлар учрашувида ишга жойлашиш масаласи ҳам ҳал этилганди.