Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда 17 нафар шахснинг жазоси енгилроғига алмаштирилди

Самарқанд вилоят суди раиси О.Ҳайитов ва вилоят маъмурий суди раиси Б.Диёров Паст Дарғом тумани Халқ қабулхонасида сайёр қабул ҳамда давра суҳбати ўтказди.

Қабул жараёнида фуқароларнинг жиноят, фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий масалалар юзасидан 26 та мурожаати эшитилди. Мурожаатларнинг 17 таси ижобий ҳал қилинган бўлса, 9 таси бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилди.

Самарқанд вилояти ИИБ 37-сон манзил колониясида жазони ўтаётган Э.Алиев Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисми билан озодликдан маҳрум қилинган. 2021 йил 11 март ҳолатида жазонинг 5 йил 6 ой 21 кун ўталмаган қисми қолган. У сайёр қабул чоғида вилоят суди раиси О.Ҳайитовга қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги ва бундан ўзига тегишли хулоса чиқарганини баён қилиб, тайинланган жазони енгилроғи билан алмаштиришни сўради. Жазони ўташ даврида тузалиш йўлига қатъий ўтиб, тартиб-интизомга риоя қилганлиги, намунали хулқ-атвори билан манзил колония ходимларининг ишончини оқлаганини таъкидлади. Унинг гапларини колония вакиллари ҳам тасдиқлади ва тегишли ҳужжатларни тақдим этди.

Паст Дарғом тумани судининг сайёр суд мажлисида унинг жазоси иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда ахлоқ тузатиш ишлари жазоси билан алмаштирилди ва озодликка чиқарилди. 

  Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 104-моддаси 3-қисми “д” банди билан озодликдан маҳрум қилинган ва айни пайтда манзил колониясида жазони ўтаётган А.Нарзуллаевнинг ўталмай қолган муддати 5 йил 11 ой 25 кунни ташкил этади. Вилоят суди раисига мурожаат қилганидан сўнг, унинг ўталмай қолган жазо муддати ҳам Паст Дарғом тумани судининг ажримига кўра, иш ҳақининг 20 фоизи миқдорини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолган ҳолда ахлоқ тузатиш ишлари жазоси билан алмаштирилди.

  Самарқанд вилояти суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлимининг маълум қилишича, сайёр қабулдаги мурожаатлар асосида ташкил этилган сайёр судларда Жиноят кодексининг 74-моддасига асосан 17 нафар шахснинг жазоси енгилроғи билан алмаштирилди.