Самарқандда 33 киши қурилиш соҳасида бахтсиз ҳодисага учраган

Вилоятда 3029 та қурилиш ташкилоти бўлиб, жорий йилда қурилиш соҳасида меҳнат қилган 33 киши бахтсиз ҳодисага учраган. Бу ҳақда Бандлик ва меҳнат вазири Нозим Ҳусанов Самарқанд шаҳрида онлайн тарзда бўлиб ўтган анжуманда маълум қилди.

Тадбирда вилоятдаги қурилиш соҳаси раҳбарлари, вилоят бандлик бош бошқармаси ходимлари ва Zoom орқали бошқа ҳудудлардан ҳам соҳа ходимлари иштирок этди. 

Бугун ишчиларга муносиб меҳнат шароити яратиш борасида амалий ишлар қилинмоқда, аммо айрим ташкилотларда меҳнат хавфсизлиги чоралари кўрилмаган, гигиена талабларига жавоб бермайди. Айниқса, қурилиш соҳасида меҳнат муносабатларига тўлиқ амал қилинмаслиги танқид остига олинди.

Кўп қаватли биноларда ишлаётган ишчиларда хавфсизлик камари, махсус кийим-бош йўқ. Шу сабабли Ўзбекистонда жорий йилда қурилиш соҳасида меҳнат қилган 189 нафар ишчи бахтсиз ҳодиса туфайли вафот этган. 

Шунингдек, олиб борилган сўровнома натижасида вилоятдаги қурилиш соҳасида меҳнат қилаётган ишчиларнинг 17 фоизи норасмий ишлаётгани маълум бўлган.

Бўлиб ўтган семинарда қурилиш соҳаси раҳбарларига ишчиларни расман ишга қабул қилиш, уларни ишчи кийим-бош билан таъминлаш, муносиб меҳнат ва қулай яшаш шароити билан таъминлаш лозимлиги тушунтирилди.

Ўз навбатида қурилиш соҳаси раҳбарлари томонидан берилган саволларга соҳа мутахассислари томонидан муносиб жавоб берилди.