Самарқандда 470 мингга яқин объектнинг ҳужжати йўқ
Давлат кадастрлар палатаси вилоят бошқармаси бошлиғи ўринбосари Баҳриддин Аминовнинг zarnews.uz’га маълум қилишича, ҳозирда вилоятда жисмоний ва юридик шахслар эгалигида бўлган 891 961 та кўчмас мулк объекти мавжуд.
- Кўчмас мулкларни турлари бўйича таҳлил қиладиган бўлсак, якка тартибдаги тураржойлар жами 688 515 таси ташкил этади ва унинг 687 631 таси жисмоний шахсларга, 884 таси эса юридик шахсларга тегишли, - дейди Б.Аминов. - Шунингдек, аҳоли фойдаланаётган томорқа ер участкалари 52 мингдан ортиқ. Хонадонлар эса 95 497 та ва унинг 89 648 таси жисмоний, 5 849 таси эса юридик шахсларга тегишли. Яна вилоятимизда 55 940 та нотураржой бор.
Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 2 сентябрдаги «Кадастр соҳасида айрим давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорига кўра, ўтган йилда вилоят бўйича хизмат кўрсатиш соҳасида кадастр паспортини шакллантириш учун электрон тарзда вилоят давлат кадастрлари палатасининг туман (шаҳар) филиалларига 57 330 та ариза (буюртма) қабул қилинди. Аризаларнинг 37 197 таси ижобий якунланди ва 25 миллиард 482 миллион сўмлик ишлар амалга оширилди. 1494 та ариза тўлов жараёнида бўлса, 12 370 та ариза (буюртма) рад этилди. 6 263 та буюртма Давлат хизматлари марказлари томонидан бекор қилинган.
Одамларда деҳқончилик, тадбиркорлик қилиш ва уй-жой қуриш учун ер участкаларини олишга қизиқиш юқори. Лекин кўпинча ноқонуний йўллар билан ер олиб беришга ваъда бераётган фирибгарларга алданиб қолишади. Аслида бунинг қонуний йўли, ерни сотиб олишнинг тартиби бор.
2022 йил 14 февралда Вазирлар Маҳкамасининг «Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаларини хусусийлаштириш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Қонунини амалга ошириш чора-тадбирлари ҳақида»ги қарори қабул қилинганди. Мазкур қарор асосида 2022 йилда вилоят давлат кадастрлари палатаси ва унинг ҳудудий филиаллари томонидан тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун «YERELEKTRON» ахборот алмашинув тизимига 8 440 та (440,73 гектар) бўш ер участкалари электрон онлайн-аукцион савдоларига киритилди.
Савдога чиқарилган ер участкаларини фаолият йўналишлари бўйича таҳлил қиладиган бўлсак:
- маиший хизмат кўрсатиш соҳаси бўйича 3533 та (150,3 гектар);
- савдо дўкони сифатида фойдаланиш учун 4066 та (127,8 гектар);
- ишлаб чиқариш соҳаси учун 706 та (159,8 гектар);
- бошқа мақсадларда 135 та (2,832 гектар)ни ташкил этади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 27 августдаги қарорига асосан, давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ер участкаларини ажратишни келишиш учун «YERELEKTRON» ахборот алмашинув тизимига 363 та (400,56 гектар) ер майдони киритилган. Шундан, 286 та (394,22 гектар) ер майдони бўйича ижобий хулосалар олинган ва вилоят ҳокимининг тегишли қарори қабул қилинган. 21 та (1,92 гектар) ер майдони рад этилган ва 56 та (4,42 гектар) ер майдони жараёнда кўриб чиқилмоқда.
Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 29 декабрдаги қарори билан тасдиқланган Низом талаблари асосида кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича вилоятимизда ўтган йил жами 85 665 та буюртма келиб тушган. Улардан 60 735 та буюртма бўйича қиймати 5 миллиард 692 миллион сўмлик хизматлар амалга оширилди. Шунингдек, 126 та буюртма жараёнда ва рад этилган буюртмалар сони 18 022 тани, ДХМ томонидан бекор қилинган буюртмалар сони 1831 тани, тўлови кутилаётган буюртмалар сони 4 951 тани ташкил этмоқда.
Президент раислигида 2022 йил 18 июлда ўтказилган видеоселектор йиғилишида давлат рўйхатидан ўтмаган уй-жойларни хатловдан ўтказиш, аввалдан фуқаронинг фойдаланишида бўлган якка тартибдаги уй-жойга эгалик қилиш ҳуқуқини тасдиқлаш, кадастр ҳужжати бериш ва электрон базага киритиш вазифаси қўйилганди. Топшириққа асосан вилоятимизда давлат рўйхатидан ўтмаган 583 494 та объект аниқланди.
Вилоят давлат кадастрлари палатаси ва унинг ҳудудий филиалларида 2023 йил бошига кўра 574 732 та (88 фоиз) мавжуд архив ҳужжатлари ўрганиб чиқилди. Ушбу хатловда 534 367 та (82 фоиз) объектлар тўлиқ кўриб чиқилди. Хатлов натижасида давлат рўйхатидан ўтган 16 151 та (2,76 фоиз) объект «Кўчмас Мулк-3» дастурига киритилди. Шунингдек, хатлов жараёнида аниқланган ер ёки бинога нисбатан эгалик ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжати мавжуд, аммо давлат рўйхатидан ўтмаган 48 284 та (8,27 фоиз), ҳақиқатда умуман ҳужжати мавжуд бўлмаган объектлар 469 852 та (80,52 фоиз)ни ташкил этиши аниқланди.
Фуқаролар кўчмас мулк объекти мулкдори кўчмас мулк объектига бўлган мулк ҳуқуқи ёки бошқа ашёвий ҳуқуқлар вужудга келганда, бошқа шахсга ўтганда, чекланганда ёки бекор бўлганда ёхуд кўчмас мулк объектининг ҳуқуқий ҳолати ўзгарганда бир ой муддатда ҳуқуқни белгиловчи ҳужжатлар билан кўчмас мулк объектига бўлган ҳуқуқни давлат рўйхатидан ўтказиши лозим. Бунинг учун Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона давлат хизматлари портали орқали, гаров хати расмийлаштирилганда эса кўчмас мулк объектига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказувчи органга мурожаат қилишлари зарур.