Самарқандда ўзбошимча қурилишларга чек қўйиляпти

Самарқанд шаҳрида кўп қаватли уйлар атрофида ноқонуний қурилган иншоотларни аниқлаш ва бартараф этиш бўйича кенг қамровли назорат тадбирлари амалга оширилмоқда. Бу жараён Самарқанд вилояти ҳудудий Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси томонидан мунтазам равишда ташкил этилмоқда.
Сўнгги назорат тадбирлари давомида “Олтин аср” маҳалласи Рудакий кўчаси 140-уй, “Илғор” маҳалласи Буюк ипак йўли кўчасида жойлашган 1-, 3-, 5-кўп квартирали уйлар ҳамда “Семурғ” маҳалласи Буюк ипак йўли кўчаси 4-уй атрофида ноқонуний қурилмалар аниқланди.
Мутасадди ташкилотлар томонидан ушбу ҳолатлар юзасидан мулкдорларга қонун талаблари тушунтирилди. Шу билан бирга, ўзбошимча қурилган иншоотларни қисқа муддатда ўз ҳисобидан бузиш, пиёдалар йўлакларини очиш ва ҳудудни аввалги ҳолатига келтириш бўйича огоҳлантиришлар ҳамда расмий кўрсатмалар берилди.
Мазкур назорат тадбирлари шаҳар инфратузилмасини муҳофаза қилиш, пиёдалар ва аҳоли учун хавфсиз, қулай муҳит яратишга қаратилган бўлиб, бу борадаги ишлар изчил давом эттирилади.