Самарқандда 483 нафар шахс муддатидан аввал озод қилинган

Самарқанд шаҳридаги Ёшлар марказида шаҳар пробация ҳисобида турган назоратдаги шахслар билан учрашув ўтказилди.

Тадбирни Самарқанд шаҳар прокурори Д.Саидқулов очиб бериб, бугунги кунда Самарқанд шаҳрида озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазони ўтаётган шахслар билан амалга оширилаётган ишлар тўғрисида қисқача ахборот берди.

Бугун Самарқанд шаҳри бўйича жами 825 нафар шахслар озодликдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган жазо муддатини ўтамоқда. Ўтган вақт мобайнида назоратдаги шахслар билан 7 марта меҳнат ярмаркалари ташкил этилиб, 85 нафар назоратдаги шахслар ишга жойлаштирилди ва 47 нафар шахслар қайта касбга ўргатилди. Бундан ташқари, назоратдаги шахслар иштирокида 16 марта спорт ва турли маданий тадбирлар ўтказилди,

Айтиш мумкинки, олиб борилган ишлар натижасида 483 нафар шахслар жиноят кодексининг 73-моддасига асосан муддатидан илгари шартли равишда озод этилди.

Бироқ қайд этиш лозимки, шунча имконият берилишига қарамасдан, жазо ўташдан бўйин товлаб келган 108 нафар назоратдаги шахсларнинг ўталмай қолган жазо муддатлари жазонинг оғирроқ турларига алмаштирилди. Уларнинг 65 нафарига озодликдан маҳрум этиш жазоси, 43 нафарига озодликни чеклаш жазоси тайинланди.

Тадбирда тижорат банклари томонидан бугунги кунда имтиёзли кредит олиш тартиби тўғрисида тушунтириш берилди. Савол-жавоблардан сўнг кредит олиш истагини билдирган 7 нафар шахсларга тегишли ҳужжатларни расмийлаштириш, кредит маблағини ажратиш чораларини кўриш бўйича масъуллар бириктирилди.

Тадбир давомида соғлиқни сақлаш муассасалари шифокорлари томонидан алоҳида хоналарда маҳкумлар тиббий кўрикдан ўтказилди. Соғлиғида муаммоси бўлган 15 нафар назоратдаги шахсларга тиббий ёрдамлар кўрсатилиб, уларга керакли дори-дармонлар берилди.

Шунингдек, назоратдаги шахсларни иш билан таъминлаш мақсадида “Бўш иш ўринлари” меҳнат ярмаркаси ташкил этилиб, 25 нафар маҳкумларни ишга жойлаштириш чоралари кўрилди.

Жазо ўтаётган шахсларни, ўталмай қолган жазосидан муддатидан илгари шартли равишда озод этиш бўйича жиноят ишлари бўйича Самарқанд шаҳар судининг сайёр йиғилиш ўтказилди. Унда 34 нафар назоратдаги шахсларнинг иши кўриб чиқилди.

Мутасадди ташкилотлар раҳбарлари томонидан назоратдаги шахсларнинг муаммоларини ўрганиш мақсадида сайёр қабуллар ташкил этилди.

З.АБДУРАҲМОНОВ,

Самарқанд вилояти ИИБ пробация бўлими бошлиғи.