Самарқандда 692 маҳаллада хатлов жараёнлари нотўғри олиб борилган

Ўзбекистон ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Хусан Тўхтаев иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, уюшмаган ёшлар билан ишлаш, “Ёшлар дафтарига” киритилган ёшлар билан олиб борилаётган ишлар, хатлов жараёнлари ҳақида сўз юритилди.

Унда айтилишича, бугунги кунда вилоятимиздаги 3 миллион 800 мингдан ортиқ аҳолининг 712 минг нафарини 18-30 ёшдаги ёшлар ташкил этади. Уларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида “Ёшлар дафтари” ва “Ёшлар дастурлари” доирасида 1105 та маҳаллада ҳар бир ёш билан юзма-юз мулоқот ўтказилди.

2021 йилда 55 378 нафар  ишсиз ёшлардан 26 682 нафарининг бандлиги таъминланган, 6 053 нафар ёшлар доимий ва жамоат ишларига жойлаштирилган.

- Ёшлар билан бўлган мулоқотда, афсуски, уларнинг аксарияти яратилган имконият ва имтиёзлардан хабардор эмаслиги, кимга мурожаат қилишини билмаслигига гувоҳ бўляпмиз, - дейди Х.Тўхтаев. – Демак, ҳаракатларимиз, тарғибот-ташвиқот ишларимиз чекка ҳудудларга, энг пастки бўғинга етиб бормаяпти. Олиб борган мониторингларда 100 дан ортиқ қонунбузилиш ҳолатлари аниқланди. Россияда юрган болага кредит ажратилган, яна бир ҳолатда “Ёшлар дафтари”даги ёшлар қолиб, яқин қариндошларига ер берилган. 692 та маҳаллада хатлов жараёнлари нотўғри олиб борилган. Бу эса ёшларнинг эътирозига, бизга бўлган ишончининг йўқолишига сабаб бўлаяпти. Шунинг учун 15 майгача қолиб кетган ёшлар хатловдан ўтказилади. 1-5 май кунлари Президентимиз томонидан қабул қилинган фармон ва қарорларнинг мазмун-моҳияти акс этган ўқув-қўлланма асосида етакчилар учун ўқув-семинар ташкил этилади. Уларга ёшлар учун яратилган имконият ва имтиёзлар батафсил тушунтирилади.