Самарқанддан Санкт-Петербургга борадиган мигрантларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолати муҳокама этилди

Кеча Самарқанд шаҳрига Россия Федерациясининг Санкт-Петербург шаҳар меҳнат ва аҳоли бандлиги қўмитаси раиси Д.Чернейко бошчилигидаги делегация аъзолари келди.

Бугун делегация вакиллари вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Ж.Ўроқов билан учрашди. Учрашувда икки томон Санкт-Петербург шаҳрига ишчи кучи етказиб беришда ўзаро бир тизим яратишга келишиб олди. Улар бу ҳақда яхлит йўл харитаси ишлаб чиқиш таклифини маъқуллашди.

Музокаралар чоғида россиялик меҳмонлар Самарқанддан фуқароларни ишга таклиф қилиш жараёни тартибли тизимга солинса, ушбу тизимни Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида ҳам қўллашини айтди.

- Биз фуқароларимизни Россия Федерациясига ишга юбориш учун ҳамкорликда самарали лойиҳаларга қўл уряпмиз, - деди вилоят ҳокимининг ташқи меҳнат миграцияси масалалари бўйича ёрдамчиси Умид Нормуратов. – Бугунги учрашувда россиялик ҳамкорлар билан фуқароларимизни ишга юборишдаги баъзи муаммоларга ҳам ечим изладик. Ўзаро таклифларимизни бердик, улар ҳам ўз талаб ва таклифларини билдирди. Келажакда маҳаллаларда тайинланаётган ҳоким ёрдамчилари маҳалладаги ишсизлар сонини аниқлайди. Биз эса уларни касб-ҳунарга ўқишга йўналтириб, ишлаш истагида бўлганларга иш топиб берамиз.

Д.Чернейко бошчилигидаги делегация вакиллари Самарқанд шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономаркази ва касб-ҳунарга ўқитиш марказида ҳам бўлишди. У ердаги замонавий шарт-шароитлар билан танишгач, келгусида ўқитиш жараёнига методик ёрдам бериш таклифини ҳам билдиришди.

Шунингдек, россиялик ҳамкорлар ишга жалб этилган ўзбекистонлик фуқароларнинг патенти тайёр бўлгунига қадар иш берувчилар томонидан фуқаронинг хоҳишига кўра Россия Федерациясида касбга ўқитишга ҳам тайёр эканини айтишди.

Хуршида Эрназарова.