Самарқандда 8 нафар бола ота-она қарамоғига берилган

Бу ҳақда вилоят ҳокимлигида ўтказилган аппарат йиғилишида айтиб ўтилди.

Хусусан, 2019 йилнинг апрел-июнь ойларида Самарқанд шаҳрида 4 та оилага – 1 нафардан, Нарпай туманида 2 та оилага – 2 нафардан бола тарбиялаш (патронат)га берилган.

Жорий йилнинг ўтган даврида туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари қошидаги васийлик ва ҳомийлик органлари томонидан ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болалардан 1251 нафарининг қонуний манфаатлари ҳимоя қилинган. Жумладан, 807 нафари васийликка, 153 нафари ҳомийликка, 163 нафари фарзандликка, 11 нафари гўдаклар уйига, 19 нафари меҳрибонлик уйларига жойлаштирилган. Яна 64 нафарининг меҳрибонлик уйларида бўлиш муддати узайтирилган, 26 нафари меҳрибонлик уйларидан ўз оилаларига қайтарилган.

Умуман, қонун ҳужжатларида етим ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат тарбия муассасалари ва оилага жойлаштиришнинг 5 та шакли мавжуд. Бугунги кунга қадар васийликка, ҳомийликка, фарзандликка ва меҳрибонлик уйи (давлат тарбия ва даволаш муассасалари)га жойлаштириш амалиётидан фойдаланилмоқда. Бироқ олдинги йилларда бирор марта оилага тарбиялаш (патронат) учун бериш амалиёти қўлланилмаган.

Айни пайтда Самарқанд шаҳридаги 1- ва 10-сонли меҳрибонлик уйларида 260 нафар ўғил-қизлар тарбияланмоқда. Таҳлилларга кўра, тарбияланувчиларнинг 14 нафари (5 фоиз) чин етим (отаси ҳам онаси ҳам йўқ), 66 нафари (25 фоиз) ярим етим (отаси ёки онаси йўқ), 43 нафари (16 фоиз) ижтимоий етим (ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этилган), 120 нафари кам таъминланган оилаларнинг (46 фоиз), 7 нафари (3 фоиз) ногиронлиги бўлган ота-оналарнинг, 10 нафари (4 фоиз) озодликдан маҳрум қилинганларнинг фарзандлари ҳисобланади.

Йиғилишда меҳрибонлик уйлари тарбияланувчиларнинг 120 нафари, яъни салкам ярми кам таъминланган оилаларнинг фарзандлари эканлиги алоҳида муҳокама қилинди. Амалдаги тартибга кўра, ушбу тоифадаги тарбияланувчилар бир йил муддатга уларнинг оилаларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида меҳрибонлик уйига жойлаштирилади.

Бироқ туман (шаҳар) ҳокимлиги ҳузуридаги васийлик ва ҳомийлик бўйича комиссия раислари – ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ҳоким ўринбосарлари комиссия аъзолари билан биргаликда кам таъминланган оилаларнинг турмуш даражасини яхшилаш борасида зарур чора-тадбирларни кўрмаяпти. Оқибатда айрим кам таъминланган оилаларнинг фарзандлари 12-10 йиллардан буён меҳрибонлик уйларида қолмоқда.

Етим ва ота-онасининг қарамоғидан маҳрум бўлган, меҳрибонлик уйида тарбияланган 18-23 ёшли фуқароларга уй-жойлар бириктириш ёки ажратиш ишлари ҳам қониқарсиз. Хусусан, Самарқанд шаҳрида 11 нафар, Паст Дарғом туманида 6 нафар, Иштихон ва Ургут туманларида 4 нафардан, Булунғур, Каттақўрғон, Нарпай туманларидан 2 нафардан, Каттақўрғон шаҳри, Жомбой, Қўшработ ва Самарқанд туманларида 1 нафардан меҳрибонлик уйида тарбияланганларнинг уй-жой билан боғлиқ муаммолари ўз ҳолига ташлаб қўйилган.

Йиғилишда якуний хулоса шу бўлди: туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузуридаги Васийлик ва ҳомийлик бўйича комиссия фаолиятини танқидий қайта кўриб чиқиши керак. Қайд қилинган муаммоларни зудлик билан қонуний асосда бартараф қилиш бўйича зарур чоралар белгилаш лозим.

Ё.Гадоев.