Фарзандларимизни телефон эмас, ўзимиз тарбиялашимиз керак
Яшириб нима қилдик, катта-ю кичикнинг тун-у кун қўлидаги телефонга термулиб ўтиришига, йўлдами, тўй-маъракада ёки оила даврасидами доим шу матоҳ ҳамроҳимизга айланганига ўрганиб қолдик. Ҳатто, оналар гўдагини телефондаги мусиқа ёки бирор бир ўйин билан овутяпти, яқин инсонимизга шу воситани энг қимматли совға сифатида беряпмиз.
Майли-да, замон зайли шунақа. Давр билан ҳамнафас бўлишимиз керак, бугунги ҳаётимизни интернетсиз тасаввур қилиб бўлмайди, деб кўнглимизга таскин берамиз. Тўғри, бу фикрларни ҳам инкор эта олмаймиз. Телефон, интернет, ижтимоий тармоқлардан ахборот олиш ва алмашиш, билимларимизни ошириш, бирор бир юмушни, вазифани ўз иш жойимизда, уйимизда туриб бажариш учун фойдалансак қандай яхши. Истаймизми-йўқми энди замонавий ахборот технологиялари ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланади.
Лекин бу “замонавийлик” кўп ҳолларда нафақат танимиз саломатлигига, балки руҳимизга, онг-у шууримизга ҳам салбий таъсир кўрсатишини унутиб қўяяпмиз. Билсак-да бунга парво қилмаймиз. Айниқса, ижтимоий тармоқлардаги турли туман фикрлар, зўравонлик, беҳаёликни тарғиб этадиган лавҳа ва кўринишлар ҳар хил ёш ва тоифадаги кишиларга, жумладан ёшлар юриш-туришига, таълим-тарбиясига салбий таъсир кўрсатаётганига ҳам гувоҳмиз. Узоққа бормайлик, кейинги кунларда ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама ва мунозараларга сабаб бўлган ҳолатларни эслайлик. Ўспирин боланинг онасини туғилган куни билан табриклаб, совға қилган ширинликни унинг юзига ёпиштириб қўйгани ёки телефонда селфи тушиш учун поезд вагони устига чиқиб, ток урган йигитнинг ҳолати, беҳаё суратларни тарқатиш билан таҳдид қилиб, пул талаб қилган “дўст”нинг қилиқлари...
Ёки айрим ёшларнинг ота-онага, катталарга ҳурмат-иззатни унутиб турли хил лавҳаларни суратга олиши ва ижтимоий тармоқларда тарқатиши қандай тарбия, қайси қадрият мезонларига мос келади?
Бу воқеаларнинг айримлари сизу биздан олисда, балки хорижий юртда содир бўлгандир. Лекин уни бутун дунё кўряпти-ку, ёшларимиз уларга тақлид қилмаслигига кафолат йўқ-ку. Икки йил олдин Самарқанд шаҳридаги трамвайда содир бўлган ҳолат ҳам хориждаги ёшларга тақлид эмасмиди?
Шу жиҳатдан куни кеча ўтказилган маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида Президентимиз таъкидлаганидек, бугун болаларимизни мактаб, ота-она ёки институт эмас, аксарият ҳолда қўлидаги телефон тарбиялаётганига бефарқ қарамаслигимиз керак. Мобил телефон энди оддий алоқа воситаси эмас, кўпинча ёт мафкурани тарқатадиган қуролга айланмоқда.
“Маънавиятимизга мутлақо бегона бўлган зарарли ғоялар чегарани бузмасдан, билдирмасдан хонадонимизга, жамиятимизга кириб келяпти. Буларнинг барчаси биз учун огоҳлик қўнғироғи бўлиб янграши зарур”, деди давлатимиз раҳбари.
Афсуски, бугун бу огоҳлик қўнғироғини кўпчилигимиз англамаяпмиз ёки эшитишни истмаяпмиз.
– Инсон камолотида китобнинг, бадиий адабиётнинг қанчалик муҳим ўрин тутиши ҳеч кимга сир эмас, – дейди Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси Тошпўлат Тугалов. – Аммо кейинги пайтда китобхонликка бироз эътибор ошган бўлса-да, барибир ҳали ҳам китоб ўқишга муносабатимиз ўзгарган, деб айта олмаймиз. Жойларда китоб дўконлари кўпайди, китобхонликни кенг тарғиб этиш учун турли танловлар ўтказиляпти. Энг яхши китобхонларга ҳатто автомашина бериляпти. Бундан ҳам уққан хулоса қиляпти, уқмайдиган кишига минг гапиринг, тарғиб қилинг – бефойда. Шунинг учун аввало, оилада китоб ўқиш маданиятини шакллантиришимиз керак. Аввало, ота-она, китоб, газета журнал ўқиши лозим. Фарзандининг туғилган кунига энг сўнгги русумдаги телефон аппарати эмас, китоб совға қилишга одатланиши керак ота-оналар. Ўзимиз боламизга телефон совға қилиб, кейин унинг асосий вақти шу матоҳга термулиб ўтиб кетаётганидан нолишимиз ҳеч бир мантиққа тўғри келмайди.
– Халқимизнинг “бир болага етти маҳалла ота-она”, деган гапи бор, – дейди меҳнат фахрийси Абдуазиз Ҳошимов. – Лекин назаримда, ҳозир бу ҳикмат фақат гаплигича қоляпти, ҳаётда ўз аксини топмаяпти. Қани маҳалладаги бировнинг боласига, қўшнингизнинг фарзандига танбеҳ бериб кўринг-чи? Аввало, ўша заҳоти боланинг ўзи сизга жавоб қайтаради ёки ота-онаси келиб, “менинг болам билан нима ишингиз бор?”, деб таъна қилади. Вақти келиб ўша бебош бола бирор ножўя ишга қўл урса, бундан фақат оила эмас, қўни-қўшни, маҳалла ҳам азият чекади, уларнинг номига ҳам доғ тушади. Мана шуни ўйламайди, айрим ота-оналар. Шунинг учун маҳалланинг мактаб билан ҳамкорлигини, ёшлар таълим-тарбиясидаги масъулиятини бугун ҳар қачонгидан кучайтириш зарур. Маҳалланинг ҳаётимиздаги ролини оширишга катта эътибор берилаётган экан, биринчи навбатда ёш авлод таълим-тарбияси ҳақида жиддий ўйлаб кўриш талаб этилади. Ҳудуддаги ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлиги, оилалар мустаҳкамлиги ҳам шунга боғлиқ.
Тарбия ҳақида сўз кетганда буюк маърифатпарвар Абдулла Авлонийнинг “Тарбия биз учун ё ҳаёт – ё мамот, ё нажот – ё ҳалокат, ё саодат – ё фалокат масаласидир” деган гапини кўп такрорлаймиз. Таълим муассасаларида ҳам бу сўзлар катта-катта ҳарфлар билан ёзиб қўйилган. Лекин қачонки ана шу фикрни ўз кўнглимиздан ўтказмас, ҳар биримиз шунга қараб ҳаракат қилмас эканмиз, бу орзу ва мақсадлигича қолиб кетаверади. Унгача эса яна бир неча авлод камолга етади, уларни биз эмас, бошқалар тарбиялайдими, онг-у тафаккурига бошқа, ёт ғоялар сингдириладими? Ана шундан асрасин!
Ғолиб ҲАСАНОВ.