Ота-оналар фарзанди тақдирига шунчалик бефарқми?
Юртимизда коронавирус пандемияси сабабли эълон қилинган карантин чекловлари босқичма-босқич юмшатилмоқда. Бу чекловларнинг нима мақсадда ва ким учунлиги ҳам барчамизга яхши маълум. Ўз навбатида, тақиқ чораларининг бекор қилишини ҳам ўзимизга боғлиқ.
Афсуски, буни ҳамма ҳам англаб етмаяпти. Тиббий ҳимоя ниқоби тақмай, жамоат жойига чиқаётганлар ёки кўчада мақсадсиз юрганлар, умуман, карантин қоидаларини бузаётганлар орасида афсуски, ёшлар ҳам жуда кўп. Ижтимоий тармоқларда кўряпмиз, бугунги синовли кунларда ҳам ўз билганича иш тутаётган, карантин қоидаларини бузаётганларнинг аксариятини ёшлар ташкил этмоқда. Турли хил бўлмағур видео тасвирларни эълон қилаётганлар, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг қонуний талабларига бўйсунмаётганларнинг ҳам кўпчилиги тенгдошларимиз. Шунинг учун ҳам бугунга келиб вилоятимизда ёшлар томонидан содир этилган жиноятлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 37 тага (309/272) ошди.
Тўғри, шу пайтгача ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида ички ишлар идоралари, таълим муассасалари, маҳалла фуқаролар йиғинлари билан ҳамкорликда мунтазам ўтказилган “Пайшанба профилактика куни”, “Барчаси ўз қўлингда!” тарғибот декадаси, “Ўқувчи”, “Давомат”, “Тунги назорат” тадбирларини карантин пайтида ташкил этиш бироз мураккаб кечди, баъзида бунинг имкони бўлмади.
Лекин бу ёшлар истаганини қилсин, ножўя йўлларга кирсин, дегани эмас-ку?! Ҳар бир инсон ўз хатти-ҳаракати, унинг сабаб ва оқибатларини ўйлаб кўриши керак эмасми? Қолаверса, уйда қолган ёшлар доимий равишда ота-оналари кўз ўнгида бўлди. Наҳотки, шу пайтда ҳам уларни назорат қилиш имконсиз бўлса? Ота-оналар ўз фарзандлари таълим-тарбиясига, келажагига шунчалик эътиборсиз бўлиб қолдиларми? Бу вазифани бошқалар бажариши керакми?
Карантин бошланишидан олдин, мисол учун, 2020 йилнинг февраль ойида вилоятимизда ёшлар жинояти 133 тани ташкил қилган эди. Бугун эса бу рақам 309 тани кўрсатмоқда. Бу шунчаки рақамлар эмас, бунинг ҳар бири бир ёки бир нечта ёшнинг тақдири, бугуни, эртаси эканлигини наҳотки англамаймиз!
Ғофуржон БОБОБЕКОВ,
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Самарқанд вилояти кенгаши бўлим бошлиғи.