Самарқандда биринчи хусусий университет очилди

Самарқандда илк бор хусусий олий таълим муассасаси – Самарқанд халқаро технология университети очилди. Шу муносабат билан университет ректори Юсуф Абдуллаев журналист ва блогерлар учун матбуот анжумани ўтказди.

- Соҳибқирон Амир Темур бир ишни бошламоқчи бўлса, уч нарсага амал қилар экан, - деди Юсуф Абдуллаев. – Биринчиси ишни иймон билан бошлаш, иккинчиси машварат ўтказиб, вазиру олимлар фикрига қулоқ солиш ва сўнггида қатъият билан ишни бошлаш. Биз юқори малакали жаҳон талаблари даражасидаги муҳандис кадрларни тайёрлашни ўз олдимизга қатъий мақсад қилиб қўйдик, сон эмас, сифат учун курашамиз. Шунинг учун университетимизда хорижий профессор-ўқитувчилар талабаларга дарс беради. Дарслар хорижий дастурлар бўйича инглиз тилида олиб борилади. Маҳаллий ўқитувчиларнинг ҳам хорижий олий таълим муассасаларида ўқиб, илмий иш қилганларини ишга олдик.

Янги ўқув йилидан Самарқанд халқаро технология университетида талабгорлар тайёрлов курсларида ўқитилади. Келаси йилдан муҳандислик бўйича талабалар ўқишга қабул қилинади.

Хусусий университет учун Самарқанд шаҳридан 6 гектар ер ажратилган бўлиб, келаси йилгача у ерда ўқув биноси, талабалар турар жойи, лаборатория, хорижий ўқитувчилар учун тураржой, спорт зал, кутубхона қуриб, фойдаланишга топшириш режалаштирилган.

- Университетимиз бинолари битгач, Самарқандда биринчи кампус бўлади, - деди университет ректори. – Халқаро университет бўлгани учун биз нархларни ўртача белгилаяпмиз. Яъни, талабалар 4 минг доллар атрофида контракт пули тўлайди. Америкада талабалар халқаро технология университетига 40 минг доллар тўлаб ўқийди. Улар билан солиштирганда университетимизда таълим олиш хорижий талабалар учун анча арзонга тушади. Дарслар асосан математика ва инглиз тилидан бўлади.

Ҳозирча университет Самарқанд транспорт техникуми биносида фаолият юритмоқда.

Хуршида ЭРНАЗАРОВА.