Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда бошқарув идоралари ходимлари ойлик маошларининг икки бараваригача рағбатлантирилади

Вилоят ҳокимлигининг ушбу таклифи давлатимиз раҳбарининг 15-16 апрель кунлари Самарқандга ташрифи давомида қўллаб-қувватланган.

Ташриф йиғилиш баёнида вилоят ҳокимлиги, халқ депутатлари вилоят Кенгаши котибияти, сайлов котибияти, иқтисодий тараққиёт, инвестиция, туризм, молия, бандлик бошқармалари ходимларини уларнинг иш самарадорлигига қараб, моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида вилоят маҳаллий бюджетининг қўшимча манбалари ҳисобидан 2021 йил 1 апрелдан бошлаб ойлик маошларини икки бараваригача бўлган миқдорларда рағбатлантириб бориш таклифига розилик берилган.

Мазкур баён билан шунингдек, вилоят ҳокимлиги ахборот хизматига 1 та (13-15 кишига мўлжалланган) микроавтобус белгиланган лимит доирасида маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ҳисобидан сотиб олинадиган бўлди.

Бу микроавтобусдан вилоятда олиб борилаётган ислоҳотларни кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида ташкил этилаётган пресс-турларда фойдаланиш кўзда тутиляпти.

Автомашина хариди ва уни расмийлаштириш халқ депутатлари вилоят Кенгашининг 30-сессиясида кўриб чиқилиб, вилоят маҳаллий бюджетининг қўшимча манбаларидан 499 миллион сўм миқдорида маблағ ажратиладиган бўлди.