Самарқандда бу йил Наврўз байрами қандай нишонланади?
Самарқандда Наврўз умумхалқ байрамига тайёргарлик кўриш ва юқори даражада ўтказиш бўйича чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқиш масалалари мутасаддилар иштирокида муҳокама этилди.
Вилоят ҳокимининг ўринбосари Р.Қобиловга кўра, бу йилги Наврўз байрамининг асосий тадбири Қорасув массивидаги "Янги Ўзбекистон боғи"да ўтказилади. Чора-тадбирлар режасига мувофиқ, байрамда янги саҳна кўринишлари, шоир ва ёзувчиларнинг ижод намуналари, санъаткорларнинг ватан, табиат, ёшлик ва гўзаллик ҳақидаги янги қўшиқлари, халқ оғзаки ижоди, ансамблларининг чиқишлари ва илк марта аския санъати ижодкорларининг замонавий ижод маҳсуллари намойиш этилади.
Шунингдек, вилоятдаги маҳаллалар, таълим муассасасаларининг кўргазма ва чиқишлари, тадбиркор ва ҳунармадлар томонидан ярмаркалар ташкил этилиб, "Ош чемпионати", кабоб сайли, халқ ўйинлари ва спорт мусобақалари ўтказилади.
Тадбирлар Самарқанд шаҳридаги Алишер Навоий номли марказий истироҳат боғи, Регистон майдони, Алишер Навоий номли кўча, Университет хиёбони, вилоят мусиқали драма театри майдони, Фарҳод ҳамда Кимёгарлар шаҳарчасида ҳам давом этади ва "Мўъжиза" амфитеатрида концерт дастурлари намойиш этилади.
Байрам муносабати билан ўтказилган танлов ва мусобақаларда фаол иштирок этганлар ва ғолиблар рағбатлантирилиб, энг муносиб ҳудуд тажрибаси оммалаштирилади.
Вилоятнинг ҳар бир шаҳар ва туманида ҳам Наврўз халқ сайиллари тарзида кенг нишонланади.