Наврўз умумхалқ сайли сифатида нишонланди
Бугун Самарқанд шаҳридаги Алишер Навоий номли марказий истироҳат боғида Наврўз сайли ўтказилди.
Эрта тонгдан шаҳар аҳли ва меҳмонлар ушбу боққа чорланди. Дошқозонларда сумалак, палов ва бошқа миллий таомлар тайёрланиб, элга улашилди. Вилоят ташкилотлари, таълим муассасалари, маҳаллалар томонидан айём билан боғлиқ урф-одат ва анъаналар, миллий таомлар кўргазмалари ташкил қилинди. Дорбоз ўйинлари, миллий ва халқ ўйинлари намойиш этилди.
Вилоятдаги турли миллат вакилларини ўз атрофида жамлаган миллий маданият марказлари ҳам байрам тадбирларида ўз дастурлари билан қатнашди. Баҳор билан боғлиқ маросимлар, кўргазмали чиқишлар уюштирилди.
Байрам тадбирлари доирасида Алишер Навоий кўчасида “Кабоб фестивали” ўтказилди. Унда Самарқанд шаҳридаги ресторан ва кафелар вакиллари ўз маҳоратларини кўрсатди. Shashlik.uz бренди билан фаолият кўрсатаётган кабобпазлар 50 килограмм қийма гўштдан 20 метрлик кабоб тайёрлаб, тадбир иштирокчиларига улашди.
Наврўз сайлида вилоят ҳокими Э.Турдимов ва фаоллар иштирок этиб, аҳолини байрам билан табриклади.
– Наврўз бир неча минг йиллик тарихга эга асл миллий байрамимиз, шарқона янги йил ҳисобланади – деди Э.Турдимов. – Аждодларимиз бу кунни табиатнинг уйғониши ва янгиланиши, деҳқончилик мавсумининг бошланиши сифатида нишонлаб келган. Сайиллар уюштирилиб, миллий анъана ва қадриятларимиз, маросим ва урф-одатлар намойиш этилган. Кейинги икки йилда пандемия сабабли бу қутлуғ айёмни кенг нишонлай олмадик. Давлатимиз раҳбарининг қарори билан бу йил Наврўз юртимизда сайил сифатида, кўп миллатли халқимизнинг ҳамжиҳатлигида байрам қилинмоқда. Вилоятимиз қишлоғу маҳаллаларида ҳам Наврўз ўзгача мазмун-моҳият билан кенг нишонланмоқда. Наврўзнинг янгилаш, меҳр-оқибат, қадр-қиммат айёми эканлиги байрам тадбирларида ўз ифодасини топмоқда.
Боғдаги “Мўъжиза” амфитеатрида байрамнинг асосий бадиий дастури намойиш этилди. Унда самарқандлик ва пойтахтдан келган санъаткорлар ижросида баҳор ва Наврўз мадҳ этилган қўшиқлар ижро қилинди. Байрам муносабати билан Самарқанд шаҳридаги бозорлар ва йирик савдо мажмуаларида озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг арзонлаштирилган ярмаркалари ташкил этилди. Саховат ва Мурувват уйларида, махсус мактаб-интернатларда байрам дастурхонлари ёзилди.
Наврўз байрами тантаналари вилоятнинг шаҳар ва қишлоқларида давом этмоқда.