Самарқандда бугун нечта тадбиркор бор? Кичик саноат зоналарида қанча янги иш ўринлари яратилади?

Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгашининг 65-сессиясида таъкидланишича, бугун  вилоятда 24433 нафар юридик шахслар, 32083 нафар якка тартибдаги тадбиркорлар фаолият юритмоқда.

Жорий йилнинг 1 сентябрь ҳолатига 5955 та юридик корхона янгидан ташкил этилган. Бу рақам ўтган йилнинг мос даврига нисбатан икки баробарга ошганлигини кўрсатмоқда.

Шу йилнинг 1 июль ҳолатида фаолият кўрсатмаган, фаолиятини тиклаш имкони бўлмаган 650 та тадбиркорлик субъектлари давлат реестридан чиқарилган ва 359 тасининг фаолияти қайта тикланган.

Вилоятнинг 14 ҳудудида ташкил этилган 19 та кичик саноат зоналаридаги тадбиркорлик субъектларига жами 115,8 гектар ер майдони ажратилган. Уларда айни пайтда 87 нафар тадбиркорлар томонидан қиймати 67 миллион АҚШ доллари миқдоридаги 96 та лойиҳа амалга оширилмоқда. Ушбу лойиҳалар асосида 2,5 мингдан зиёд янги иш ўринлари яратиш режалаштирилган.