Самарқандда чиптасиз йўловчининг Термиз шаҳрига етиб олишида “кўмаклашмоқчи” бўлган поезд кузатувчиси ушланди
Самарқанд вилояти ИИБ транспортда хавфсизликни таъминлаш бошқармаси бошлиғи номига Хоразм вилояти Урганч шаҳрида яшовчи Дониёр Саъдуллаев ариза билан мурожаат қилиб, “Тошкент-Самарқанд-Термиз” йўналишида ҳаракатланувчи йўловчи поездида йўл кузатувчи бўлиб ишловчи “Илаш” исмли фуқаро Самарқанд темир йўл вокзалига келган чиптаси йўқ фуқаролардан Термиз шаҳрига олиб кетиш эвазига пул талаб қилаётганлигини маълум қилган.
Фуқаро Д.Саъдуллаев ушбу йўл кузатувчисидан норози бўлиб, унга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган.
Ариза юзасидан жорий йил 11 ноябрь куни соат 23:30 ларда вилоят ИИБ транспортда ХТБ жиноят қидирув бўлими ходимлари томонидан тезкор тадбир ўтказилган. Тадбир давомида “Тошкент-Термиз” йўналишида ҳаракатланувчи йўловчи поезди Самарқанд вокзалига келиб тўхтагандан сўнг Д.Саъдуллаев Термиз шаҳрига етиб олиши зарурлиги, ёнида ўзбек сўми йўқлиги, фақат Россия рубли борлигини айтганда вагон кузатувчиси “Илаш” исмли шахс 1500 Россия рубли эвазига Термиз шаҳригача олиб кетишини маълум қилган. Ўзаро келишувдан сўнг Д.Саъдуллаев 1400 Россия рубли бераётган вақтида вагон кузатувчиси ТХТБ ЖҚБ тезкор ходимлари томонидан ушланган.
Аниқланган ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.