Самарқандда футбол ва мини-футбол бўйича ДХХ кубоги мусобақалари бошланди

Иштихон туманидаги марказий ўйингоҳда "Давлат хавфсизлик хизмати кубоги" баҳсларига старт берилди.

Мусобақанинг очилиш маросимида вилоят ҳокими Э.Турдимов, ДХХ вилоят бошқармаси бошлиғи А.Ахмедов ва ЎФА вице-президенти Равшан Эрматов иштирок этиб, мамлакатимизда спортни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар, жумладан анъанавий ДХХ кубоги турнири ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, футболни оммалаштириш, иқтидорли ёшларни аниқлашда муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлади ва ўйинни бошлаб беришди.

Шундан сўнг, Иштихон туманининг Қорақўйли ҳамда Қорақишлоқ маҳаллалари баҳсга киришди.

Мусобақада 16 ёшдан 30 ёшгача бўлган ўғил болалар футбол ва мини-футбол, қизлар эса мини-футбол бўйича иштирок этмоқда.

Кубокнинг туман/шаҳар саралаш мусобақалари апрель-май, вилоятлар бўйича саралаш баҳслари июнь-июль ва республика финал мусобақалари август ойида бўлиб ўтади.