Самарқандда ички йўлларнинг 57 фоизи таъмирталаб
Вилоятда 16 минг 319 километр автомобиль йўллари мавжуд. Шундан, 4 минг 97 километри умумий фойдаланишдаги, 12 минг 222 километри хўжаликлараро ички автомобиль йўллардир.
Ички йўлларнинг аҳволи талаб даражасида эмас, яъни 12 минг 222 километр хўжаликлараро йўлларнинг 6 минг 929,8 километри ёки 56,7 фоиздан кўпроқ қисми таъмирталаб.
Жорий йилга мўлжалланган дастурларга асосан вилоят ҳудудидан ўтувчи 923,8 километр автомобиль йўлларида 378,7 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилиши режалаштирилган.
Хусусан, умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларида 110,6 миллиард сўмлик қурилиш ва реконструкция қилиш ишлари белгиланган бўлиб, ўтган олти ойда 98,6 миллиард сўмлик реконструкция ишлари амалга оширилган.
Шунингдек, 285,9 километр қишлоқ ва овулларнинг ички йўллари ҳамда шаҳар кўчаларида 102,9 миллиард сўмлик қурилиш режалаштирилган. Бугунги кунда 69,9 миллиард сўмлик ишлари бажарилган.
Маълумотларга кўра, йилнинг ўтган саккиз ойида 462,9 минг тонна асфальт-бетон маҳсулотлари ишлаб чиқарилган.
Бундан ташқари, вилоят автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармаси тизимидаги ташкилотларда 1000 нафар ортиқ Россиядан қайтган ва ҳудудларда ишсиз юрган фуқароларнинг бандлиги таъминланган.