Самарқандда иккинчи “Чой, маданият, тинчлик” деб номланган чой фестивали бўлиб ўтди
Чой ўзининг фойдали хусусиятлари билан дунёда кенг тарқалган ўсимликлардан бири бўлиб, 5 минг йилдан ортиқ тарихга эга.
Бу ноёб ўсимлик бугунги кунда ҳам ижтимоий-иқтисодий ва маданий тараққиётда муҳим ўрин тутади. Бу йил Самарқанд халқаро технология университети бир қатор корхона ва ташкилотлар ҳамкорлигида “Чой, маданият, тинчлик” номли иккинчи Самарқанд фестивалини ташкил этди. Унда зиёлилар, хорижлик меҳмонлар ва университет профессор-ўқитувчилари иштирок этди.
Чой Марказий Осиё халқлари, шу жумладан, ўзбекистонликлар учун оддий ичимлик бўлиб қолмасдан, у мамлакатлар тарихи ва маданиятида ҳам муҳим ўрин тутади. Бу ичимлик ҳаёт рамзи, ҳар бир оила кундалик турмушининг ажралмас қисми ҳисобланади.
Ёшлар орасида чой ичиш маданиятини ривожлантириш ва оммалаштириш, ўзбек чойини дунёга тарғиб қилиш мақсадида ташкил этилган чой фестивалида ўзбек чойи билан бирга турли мамлакатлар ва турфа халқларнинг чой ичиш маданияти, чой дамлаш техникаси намойиш этилди.
Чойнинг узоқ тарихи, дунё миқёсида тутган маданий ва иқтисодий аҳамиятидан келиб чиққан ҳолда 2019 йил 19 декабрда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси 21 майни “Халқаро чой куни” деб эълон қилди. Бу йилги чой фестивалида Хитойнинг энг яхши чой навларидан намуналар, “Amir Tea Samarqand” МЧЖ томонидан тайёрланаётган чой навлари, шунингдек, хитойлик ҳамкорлар билан биргаликда тайёрланган халқаро тематик фотокўргазма намойиш этилди. Шунингдек, дилтортар куй-қўшиқлар ҳам фестивалга ўзгача кўтаринки руҳ бағишлади.
Фестиваль иштирокчилари тадбирда турли халқларнинг чойларидан ичиб, баҳо беришди.