Самарқандда In-vitro лабораторияси ва гидропоникали иссиқхоналар очилди
Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институтида “Ўзбекистонда картошка уруғчилигини ривожлантириш ва кадрлар салоҳиятини ошириш” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ташкил этилди.
Тадбирда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги вакиллари, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ҳамда Жанубий Корея, Япония давлатларидан меҳмонлар иштирок этди.
Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институти картошка уруғчилигини ривожлантириш борасида Жанубий Корея Республикаси қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат ва қишлоқ ҳудудларини ривожлантириш вазирлиги, Корея қишлоқ ҳудудларни ривожлантириш коорпорацияси билан ҳамкорликда беш йиллик лойиҳа имзолаган. Лойиҳа доирасида институтда гидропоник-иссиқхона, In-vitro лабораторияси ва омборхоналар қурилди.
Дастлаб In-vitro лабораторияси ва гидропоникали иссиқхоналарнинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Институт ректори ва меҳмонлар рамзий лентани кесишди.
- Бу йил институтда барпо этилган гидропоникали иссиқхонага кореялик мутахассислар, институт олимлари ва тадқиқотчилар биргаликда дастлабки микротуганакларни экишди, - деди институт ректори Шавкат Ҳасанов. - Дастлабки тадқиқотларда республикамизда кенг тарқалган 3 та нав, жумладан “Пикассо”, “Сантэ” ва “Невский” навлари синовдан ўтказилмоқда. Келгусида ушбу марказда интенсив усулда республикамиз иқлим шароитига мос навларни ва уларнинг соғлом юқори сифатли уруғларини ишлаб чиқиш ҳамда соҳада кадрлар салоҳиятини босқичма-босқич ошириб бориш режалаштирилган.
- Четдан келадиган картошка уруғчилигини Ўзбекистонда етиштириш мақсадида ушбу лойиҳани бошладик, - деди Халқаро боғдорчилик институти директори, профессор Lee YB. – Иккинчи мақсадимиз картошка уруғчилиги борасида салоҳиятли кадрларни етиштиришдан иборат. Самарқанд шароити картошка етиштиришга мос ҳудуд, шунинг учун биз айнан ушбу иссиқхоналарни Самарқандда қуришни режалаштирдик. Бугун институтнинг етук олимлари ва тадқиқотчи билан биргаликда замонавий иссиқхоналарда тадқиқотлар олиб боряпмиз.
Халқаро илмий амалий конференция доирасида Ўзбекистонда картошка селекцияси ва уруғчилигидаги муаммолар, унинг ечимлари ҳамда кадрлар салоҳиятини ошириш, картошка етиштиришда замонавий агротехнологиялар ҳамда инновацион технологияларни жорий этиш мавзуларида муҳокамалар бўлиб ўтди.
- Бир гектар картошкадан олинаётган ҳосилдорлик бизда 17-18 тонна атрофида эди, - деди институт кафедра мудири, профессор Собир Санаев. – Шу кеча-кундузда республикада бир гектардан олинаётган ҳосилдорлик 30 тоннагача кўтарилди. Бу картошка экинида олиб борилаётган тадқиқотлар ва илмнинг натижасидир. Шунинг учун ҳам унга эътибор катта. Бугунги кунда хориждан келтирилаётган картошка уруғларининг бир килограмми ўртача 15-20 минг сўмни ташкил қилса, 1 гектар ерга 3,5-4 тонна уруғ экилишини ҳисобга олсак, бу 70 миллион сўм бўлади. Хориждан олиб келаётган картошка уруғларини арзонлаштириш ва деҳқонларнинг даромадини ошириш мақсадида картошка уруғчилигини ўзимизда тайёрлашни мақсад қилганмиз.
Конференция иши икки кун давом этади.
Хуршида Эрназарова.