Самарқандда IT лойиҳалар бўйича танлов ўтказилди

Самарқанд вилояти ёшлари ўртасида «Истиқболли IT лойиҳалар», «Дастурлаш», «Робототехника» ва «Киберспорт» йўналишлари бўйича танлов ва мусобақалар ташкил этилиб, ғолиблар аниқланди. Самарқанд шаҳридаги IT-парк ҳудудий филиалида ғолибларни тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Унда Самарқанд вилояти ҳокимлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги вилоят ҳудудий бошқармаси, Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси ҳамда вилоят ташкилотлари раҳбарлари, ходимлари иштирок этдилар.

Ушбу танловлар ёшлар томонидан дастурлаш, робототехника ва киберспорт йўналишлари бўйича ўз қобилиятларини намоён этиш ва ривожлантириш, IT соҳасида лойиҳалар ишлаб чиққан ёшларни қўллаб-қувватлаш, истеъдодларини рўёбга чиқариш учун кенг имкониятлар яратиш мақсадида ташкил этилди.

Тадбир давомида ғолиб бўлганларга қимматбаҳо совғалар топширилди. Шунингдек, лойиҳалар кўргазмаси ҳамда ёшлар томонидан ишлаб чиқилган IT лойиҳаларнинг тақдимоти бўлиб ўтди.

Кўргазмада фаол иштирок этган ҳамда IT соҳасига қизиқувчи ва ушбу йўналишда ўқув курсларида иштирок етиб келаётган 1-сон Меҳрибонлик уйининг 12 нафар тарбияланувчиларига ҳам эсдалик совғалари топширилди.

***

Ушбу мақола Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди гранти лойиҳаси асосида тайёрланди.