Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқандда IV Республика “Китобхонлик ҳафталиги” бўлиб ўтди

Аввал хабар берганимиздек, А.С.Пушкин номидаги вилоят ахборот-кутубхона марказида “Китобсевар миллат” шиори остида IV Республика “Китобхонлик ҳафталиги” тадбирлари бўлиб ўтди. Бу тадбирларда зиёлилар, китобхон ёшлар, турли соҳа ходимлари иштирок этди.

Ҳафталик доирасида вилоят ахборот-кутубхонасига келган меҳмонлар, жумладан, Ички ишлар вазирлиги қошидаги академик лицей ўқувчилари, нодавлат таълим муассасаси “Қалқон жасорат мактаби” ўқувчилари билан кутубхона бўйлаб экскурсия ташкил қилинди. Мутахассислар томонидан кутубхонада яратилган шароитлар, китоблар олами, кутубхона лойиҳалари бўйича фаолият юритаётган электрон база ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Ёзувчилар ва Журналистлар уюшмаси вилоят бўлимлари билан ҳамкорликда Зуҳрабегим Эшонқулованинг “Улуғбекнинг нурли нигоҳи” номли асари ҳамда Ҳусниддин Файёзовнинг “Ёдинг жилоси”, “Дарёи бепоёни ман” (Поёнсиз уммоним менинг) шеърий тўпламлари тақдимоти бўлиб ўтди. Китоб тақдимотида асарларнинг ёзилиш тарихи ҳамда ижодкорлар ҳақида тадбир иштирокчилари томонидан илиқ фикрлар айтиб ўтилди.

“Китобхонлик ҳафталиги” доирасида ёзувчи, олим, жамоат арбоби Садриддин Айний таваллудининг 146 йиллиги муносабати билан хотира кечаси бўлиб ўтди. Тадбирда Садриддин Айний музей директори Аслиддин Пўлатов, Самарқанд туман 54-умумтаълим мактаб ўқувчилари иштирок этди. Кечада ўқувчилар томонидан С.Айнийнинг “Марди судхўр”, “Қори  ишканба” асарларидан парча ҳамда шеърлар ўқиб эшиттирилди.

Бундан ташқари, «Китобхонлик ҳафталиги» доирасида вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими, Пушкин номидаги вилоят ахборот-кутубхона маркази ҳамда Ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши ҳамкорлигида  «Заковат» интеллектуал беллашуви ўтказилди. Саккизта жамоа ўзаро беллашув аввалида вилоят “Зарафшон” ва “Самаркандский вестник” газеталари таҳририяти, вилоят телерадиокомпанияси, давлат солиқ бошқармаси, Жомбой тумани ҳокимлиги вилоят кутубхонасига ўз китоблари жамланмасини туҳфа қилди.  Шунингдек, вилоят юридик техникумининг “Эверест” ва Самарқанд туман ички ишлар академик лицейининг “Ренессанс” жамоалари ўртасида “Заковат” интеллектуал ўйини бўлиб ўтди.

Шу кунгача қатор ютуқларга эришган вилоят “Бувижонлар мактаби” ҳамда интилувчан миллат қизлари ўртасида “Қизларимга насиҳатларим” номли давра суҳбати ташкил этилди. Тадбирда “Бибинур” ансамбли томонидан мусиқали чиқишлар намойиш этилди.

“Китобсевар миллат” шиори остида ўтган тадбирлар доирасида “Эл-мероси” тарихий либослар театри намойиши ўтказилди. Унда Самарқанд ҳудудида турли тарихий даврларда яшаган миллатларнинг либослар тўплами иштирокчиларда илиқ таассурот қолдирди.

Ҳафталик бир-биридан қизиқарли тадбирлари билан эсда қоларли вақеаларга бой бўлди. Турли ташкилот ва муассасалар томонидан марказга китоблар совға қилинди. Унда фаол қатнашган иштирокчиларга вилоят ахборот-кутубхона маркази томонидан эсдалик совғалар ва ташаккурномалар топширилди.