Самарқандда жиноят ишлари бўйича судланган 93 нафар шахс суд залида қамоқдан озод қилинди

Бу ҳақда Самарқанд вилояти суди ва маъмурий ишлар бўйича вилоят ҳамда туманлараро судларининг жорий йил биринчи чоракдаги фаолияти юзасидан ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилинди.
Вилоят суди раиси О.Ҳайитовнинг таъкидлашича, ҳисобот даврида вилоят, туман ва шаҳар жиноят ишлари бўйича судлари томонидан 1239 нафар шахсга нисбатан 997 та жиноят ишлари кўриб тамомланган. Шундан 737 та иш бўйича 947 нафар шахсга нисбатан ҳукм чиқарилди. 287 нафар шахсга нисбатан 256 та ишлар тугатилди.
Кўриб тамомланган ишларда айбланган шахсларнинг 109 нафарини аёллар (шундан 18 нафари муқаддам судланган) ҳамда 787 нафарини эркаклар (шундан 175 нафари муқаддам судланган) ташкил этади.
Судланганларнинг 209 нафарига озодликдан маҳрум қилиш, 327 нафарига озодликни чеклаш, 259 нафарига ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди. 93 нафар шахс суд залидан қамоқдан озод қилинди.
Шу даврда вилоят судларининг барча инстанцияларида 3 та жиноят иши бўйича 5 нафар шахс оқланди. 251 та жиноят иши тарафларнинг ярашганликлари муносабати билан тугатилиб, 280 нафар шахс жиноий жавобгарликдан озод қилинди.
Жиноят ишларини судда кўришда кенг жамоатчиликни жалб қилган ҳолда маҳалла, ёшлар, хотин-қизлар кенгаши вакилларининг жамоат ҳимоячиси сифатида иштироки таъминланиб, маҳалла фуқаролар йиғинлари кафиллиги асосида 57 нафар ва ёшлар ишлари агентлиги кафиллиги асосида 9 нафар шахсга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазолар тайинланди.
Ҳисобот даврида судларга маъмурий ишлар бўйича 13 147 нафар шахсга нисбатан 9 990 та маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишлар биринчи инстанцияга келиб тушган. Кўриб тамомланган 5 514 та маъмурий ишлар бўйича 6 597 нафар шахсга нисбатан маъмурий жазо қўллаш ҳақида қарор чиқарилди.
– Йилнинг биринчи чораги давомида фуқаролик ишлар бўйича судлов ҳайъати ва туманлараро, туман (шаҳар) судлари биринчи инстанциясида 7 758 та фуқаролик ишлари кўрилди. Шундан 5 862 та даъво қаноатлантирилди, 1118 та даъво рад қилинди, 505 та ариза кўрмасдан қолдирилди, 273 та иш юритишдан тугатилди, – деди О.Ҳайитов. – Иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати ҳамда шаҳар, туманлараро иқтисодий судлари томонидан эса 2258 та ишлар мазмунан кўрилиб ҳал этилди. Хусусан, 2015 та даъво қаноатлантирилди, 164 таси рад қилинди, 48 та ариза кўрмасдан қолдирилди, 31 та иш юритишдан тугатилди. Иқтисодий судлар томонидан кўриб ҳал этилиб, даъвоси қаноатлантирилган ишлар бўйича даъвогар (аризачи)лар фойдасига 109 миллиард 723 миллион сўм ундириш ҳақида суд ҳужжатлари қабул қилинди.
Маъмурий ишлар бўйича Самарқанд вилояти суди раиси вазифасини бажарувчи Р.Очиловнинг қайд этишича, вилоят ҳамда туманлараро маъмурий судлари томонидан биринчи чорак давомида оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган 306 та маъмурий ишлар кўриб, тамомланган. Бу ишларнинг 99 таси қаноатлантирилиб, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳуқуқлари тикланди. 165 та иш рад этилди, 16 таси иш юритишдан тугатилди, 26 таси кўрмасдан қолдирилди.
Кўриб тамомланган ишларнинг 209 таси маҳаллий ҳокимликларга оид бўлди ва уларнинг 34 таси қаноатлантирилди. 22 таси бюджетдан ташқари пенсия жамғармасига оид бўлиб, бу ишларнинг 18 таси қаноатлантирилди.
Матбуот анжуманида вилоят судининг жиноят, фуқаролик ва иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатлари раислари ҳам ўтган даврга кассация инстанциясида кўрилган ишлар ҳақида оммавий ахборот воситалари вакилларига маълумот берди.