Самарқандда жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олди қандай олинмоқда?

Вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Акром Ҳалимов иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда вилоят ҳудудида содир этилаётган жиноят ва ҳуқуқбузарликлар профилактикаси борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз юритилди.

Қайд этилишича, 2020 йилда вилоят ҳудудида 5 307 та жиноятлар содир этилган. Уларнинг 740 таси оғир ва 279 таси ўта оғир турдаги жиноятлар ҳисобланади. Шу даврда номусга тегиш 16,2 фоизга ва фирибгарлик жинояти 37 фоизга ошишига йўл қўйилган.

Йил давомида содир этилган жиноятлар таҳлилидан келиб чиқиб ҳудудий ички ишлар ҳамда маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимлари ҳамкорлигида 1 100 та маҳаллада яшовчи 3 миллион 928 минг нафар фуқаро орасидан жиноят содир этиши ва жиноят қурбони бўлиши эҳтимоли юқори бўлган 70 минг 151 нафар шахслар рўйхатини шакллантирган. Улар 44 та тоифага ажратилиб, профилактик тадбирлар амалга оширилган.

Шунингдек, вилоят ҳудудида яшовчи жиноят содир этиши эҳтимоли юқори бўлган шахслар билан тезкор-профилактик тадбирларни янада кучайтириш мақсадида “Тафтиш” тадбири, “Тазйиқ ва зўравонликка қарши курашиш ойлиги” махсус профилактик тадбири, “Ичкиликбозликка қарши курашиш ойлиги” махсус профилактик тадбирлари ўтказилган.

“Турмуш” ва “Тозалаш-Антитеррор”, “Назорат”, “Тиғ” ва “Давомат” тадбирларида ҳам ҳудудий профилактика инспекторлари фаол иштирок этган.

Натижада оғир тан жароҳати етказиш 5 фоизга, талончилик 7,7 фоизга, қотиллик 11,4 фоизга, ўғрилик 11,5 фоизга, автотранспорт воситасини олиб қочиш жиноятлари 11,8 фоизга, безорилик 20,9 фоизга камайишига эришилган.

Қайд этилишича, 2020 йилда ҳар бир маҳаллада профилактика инспекторлари лавозими жорий этилиб, улар сони 1096 нафарга етказилган. Инспекторлар томонидан маҳалла фаоллари билан хамкорликда фуқароларнинг муаммоларини ўрганиш ва бартараф этиш мақсадида маҳаллабай, оилабай ишлаш тизими йўлга қўйилиб, аниқланган муаммолар тегишлилиги бўйича ташкилотлар томонидан ҳал этиб борилмоқда.

- Ўтган 2 ойида ҳуқуқбузарлик ва жиноят содир этишга мойил бўлган 3 минг 271 нафар фуқаро профилактик ҳисобга олинди, - деди А.Ҳалимов. - Шунингдек, жамоатчилик билан ҳамкорликда оила-турмуш доирасида низоли ҳолатлар мавжуд 210 оиладан 179 тасининг ижтимоий муҳити соғломлаштирилиб, 42 та ёш оила ажралиб кетишининг олди олинди.

Профилактика инспекторлари томонидан 37 та жиноят фош этилиб, 8 нафар қидирувда бўлган ва 1 нафар бедарак йўқолган шахслар аниқланди. Шунингдек, 11 минг 154 нафар шахс ҳудудий маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканларига олиб келиниб, профилактик суҳбатлар ўтказилган.

Турли мазмундаги 5 минг 436 та мурожаат қонуний тартибда кўриб чиқилди.

Матбуот анжуманида иштирокчиларни қизиқтирган саволларга батафсил жавоб берилди.