Самарқандда маданий меросни асрашга доир конференция ўтказилади
Унда ЮНЕСКО Бош директори Одри Азуле иштироки кутилмоқда.
Шу кунларда Баку шаҳрида ЮНЕСКО Бутунжаҳон мероси қўмитасининг 43-сессияси ўтказилмоқда.
Тадбир доирасида Ўзбекистон делегацияси вакиллари ЮНЕСКО Бош директори Одри Азуле, Бутунжаҳон мероси маркази директори Мехтилд Рёсслер, унинг ўринбосари Жоти Хосаграхар ва Бутунжаҳон мероси қўмитасига аъзо мамлакатлар вакиллари билан музокаралар ўтказди.
Мулоқот чоғида Ўзбекистонда маданий меросни муҳофаза қилиш, тарихий объектларни сақлаш ва консервациялаш, шунингдек, туризм ва таълим соҳалари ривожланишига оид қабул қилинаётган чора-тадбирларнинг аҳамияти юзасидан фикр алмашилди. Ўзбекистонда ЮНЕСКО билан ҳамкорлик истиқболларини кучайтириш йўлида олиб борилаётган ишларга юқори баҳо берилди. Ушбу йўналишлардаги алоқаларни мустаҳкамлашда ўзаро ҳамкорликнинг янги имкониятлари кўриб чиқилди.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 2019 йилнинг август ойида моддий ва номоддий маданий меросни асрашга доир халқаро конференция ўтказилади. Кўп сонли халқаро ҳамжамият вакиллари, жумладан, ЮНЕСКО экспертлари, маҳаллий мутахассислар ва илмий доиралар, фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирок этадиган тадбирдан кўзланган мақсад бутунжаҳон мероси объектларини муҳофаза ва консервация қилишдаги янгича ёндашувларни ишлаб чиқиш, шунингдек, номоддий маданий меросни асраш соҳасидаги фаолиятни қўллаб-қувватлашдан иборат.
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизмати тарқатган маълумотга кўра, ЮНЕСКО Бош директори Одри Азуле мазкур тадбирда шахсан иштирок этиш ниятида эканини билдирган.