Самарқандда Муҳаммад Алига совға қилинган чопон қаерда?

АҚШлик афсонавий боксчи, жаҳон чемпиони Муҳаммад Али 1978 йил 12 июнь куни СССР спорт қўмитасининг таклифига биноан Москвага ташриф буюрган эди. Уч кундан сўнг боксчи собиқ Иттифоқ бош котиби Л.Брежнев билан учрашиб, мусулмонлар кўпроқ яшовчи минтақалардан бирига бориш истагини билдирган. Раҳбарлар юксак даражадаги меҳмонни Ўзбекистонга - Тошкент ва Самарқанд шаҳарларига сафарини ташкил қилди.

Самарқандга келган Муҳаммад Али Улуғбек расадxонаси ҳамда Регистон майдонини зиёрат қилди. Деворлардаги қадимий нақшларни кўриб лол қолди. Меҳмонлар шаҳарни қизиқиш билан кўздан кечиргач, кечки намозни масжидда ўқидилар. Маҳаллий имом-хатиблар билан суҳбатлашиб, улардан ислом дини, мусулмонларнинг урф-одатлари, намоз ўқишнинг тартиб-қоидалари ҳақида кўпроқ маълумотларга эга бўлди.

- Ислом динини қабул қилган Али учрашувда бир оғиз ҳам гапирмай, кўпроқ тинглади, - деди учрашувга гувоҳ бўлганлардан бири. - Қуръон борасидаги билимларини кўрсатмади. Масжидлардан бирида унга олтин иплар билан тикилган муқаддас чопон совға қилинди. Ҳар бир мусулмон меҳмон учун бундай чопон катта аҳамиятга эга эди.

Али Тошкент шаҳрида бўлганида гилосдан татиб кўргач, ўзига жуда ёққанини таъкидлади. Спортчи бутун ташрифи давомида фақат янги узилган мевалардан истеъмол қилди. Таомлардан эса паловни хуш кўриб, тановул қилди. Совет матбуотида буюк боксчининг Ўзбекистонга ташрифи мана шундай тасвирланган эди:

- Самимий ўзбекистонликлар таниқли спортчи ва унинг ҳамроҳларини жуда яхши меҳмон қилишди. Белгиланган дастур жуда катта бўлиб, пойтахт Тошкентдан ташқари, қадимий Самарқанд ва Буxоро шаҳарларига ҳам экскурсия қилиш режалаштирилганди. Ҳамма ёқда - мўл-кўлчилик, меҳмондўстлик. Учрашувларда меҳмонларни олма, гилос, нок, узум билан сийлашарди. Ундан кейин дастурхонга палов тортиларди. Дастлаб умуман овқат емаган Муҳаммад бора-бора ўзини тутиб тура олмади. Ўзбекларнинг палови уни ўзига ром қилиб қўйди. Аста-аста манти, чучвара ҳамда сомсалардан татиб кўра бошлади. Кейинчалик Москвадаги журналистлар билан учрашувда у Тошкентдан тўрт килограмм ортиқча вазн олиб келганини таъкидлаб ўтади.

1984 йилда Паркинсон касаллигига чалинган Муҳаммад Али 2016 йилнинг 4 июнида АҚШнинг Аризона штатида, 74 ёшида вафот этган.

Дарвоқе, АҚШда бўлган юртдошларимизнинг гапларига қараганда, самарқандликларнинг Муҳаммад Алига совға қилинган зарҳал чопон ҳозирги кунга қадар боксчининг уй-музейида илинган турибди.

Дилмурод ТЎХТАЕВ тайёрлади.