Самарқандда нега туну-кун ишлайдиган савдо ва кўнгилочар кўчалар (Shopping Street) ташкил этилмаяпти?
Ҳудудлардаги мутасаддиларнинг ҳаракатлари тушунарсиз қолмоқда
Ваҳоланки, бу вазифа бўйича давлат раҳбарининг махсус қарори қабул қилинган. “Хизматлар соҳасини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорда жорий йил 1 сентябрга қадар туман ва шаҳар марказларида савдо ва кўнгилочар кўчалар (Shopping Street) ташкил этиш белгиланган.
Аҳамиятли томони шундаки, савдо ва кўнгилочар кўчалардаги барча тадбиркорлик субъектларига 24 соат мобайнида туну кун фаолият юритиш ҳуқуқи берилади.
Бироқ шаҳар-туманларда бу масала бўйича зарур ишлар ҳамон ортга суриб келинмоқда.
Аслида вилоят бўйича ҳудудлар марказларида 20 та кўча ана шундай янги қиёфа касб этиши учун белгилаб олинган. Бугунги кунда уларнинг 13 тасида зарур ишлар тугалланмаган.
Мисол учун, Каттақўрғон шаҳрида Мирзо Улуғбек хиёбони, Булунғур туманида Сайилгоҳ, Жомбой туманида Сарой, Каттақўрғон туманида Мустақиллик, Оқдарё туманида Зарафшон, Пайариқ туманида "Пайариқ 50 йиллиги", Паст Дарғом туманида Амир Темур, Самарқанд туманида Термизий, Тойлоқ туманида Амир Темур ва Равонак, Ургут туманида Ислом Каримов 3-тор кўчаси ва Қўшработ туманида Мустақиллик кўчаларида қурилиш ва таъмирлаш ишлари чалалигича қолмоқда.
Табиий савол туғилади: изғиринли, қировли кунларда давом эттириладиган бунёдкорлик ишлари сифати нечоғлик бўлади?
Ҳаммаси ўз йўлига. Президент қарорида белгиланган муддатга нима учун риоя қилинмади? Ахир, давлат раҳбари бу вазифаларни қатъий белгилашда мавжуд имкониятлар, тегишли мутахассисларнинг хулосаларини олмаганми?!
Хўш, 13 та кўчада савдо ва кўнгилочар хизматлар қачон йўлга қўйилади?
Вилоят ҳокимлиги аппарат йиғилишида ҳокимлар, сектор раҳбарлари, туризм ва спорт бош бошқармаси мутасаддилари олдига шу каби аниқ саволлар қўйилди. Масъулларга тегишли ишларни тизимли ташкил қилиш юзасидан зарур кўрсатмалар берилди.