Самарқандда қанча майдон томчилатиб суғорилади?

Иштихон туманида қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштиришда сув тежовчи воситалардан фойдаланиш ривожланмоқда. 2019 йилгача туманда 2193 гектар пахта ва 248 гектар боғ майдонлари ана шу тизимда суғорилган бўлса, жорий йилда бу кўрсаткич 3164,5 гектарга етказилди.
Бу тизим сувни тежаш билан бирга ҳосилдорликнинг ортишида ҳам муҳим ҳисобланади. Шу боис, 2021 йилдан туманда 700 гектар пахта ва 236 гектар боғ майдонларини шу усулда суғориш режалаштирилган.

Оқдарё туманида эса 2019 йилда “Pyri Milki Oqdaryo” фермер хўжалиги томонидан 630 гектар, шундан 500 гектар пахта, 130 гектар ғалла экинлари томчилатиб суғориш технологияси асосида етиштирилди. Замонавий технология ёрдамида ўртача ҳосилдорлик 35-40 центнерни ташкил этди. 2020 йилда ҳам шу мазкур фермер хўжалиги томонидан 500 гектар пахта шу усулда етиштирилди. 2021 йил туманда 1200 гектар майдонда, шундан 1000 пахта 200 гектар сабзавот майдонларида томчилатиб суғориш технологияси қўлланилади.

Таҳририятдан: Афсуски, икки ҳафтадан буён вилоятда жорий йил ва келгуси йилда қанча майдонда томчилатиб суғориш технологияси қўлланилиши тўғрисида вилоят Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармасидан маълумот ололмадик. Бу маълумотлар сир сақланадими?