Самарқандда қоидабузарлар 81.395.000 сўм миқдорида жаримага тортилди
Жамоат транспорти ва йўналишсиз таксилар фаолиятини тартибга солиш борасида вилоят транспорт бошқармаси томонидан самарали ишлар амалга оширилаяпти. Йўловчиларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган муаммолар бошқарма нозирлари томонидан жойида ўрганилиб, бартараф этилмоқда. Ташувларни амалга оширишда муаммоли ҳолатларнинг олдини олиш, йўловчиларга сифатли хизмат кўрсатишни ташкил қилиш мақсадида вилоят миқёсида белгиланган тартибда назорат тадбирлари ўтказилмоқда.
Агар рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, жорий йилнинг биргина июнь - июль ойларида Самарқанд вилояти транспорт бошқармаси автомобилларда ташувлар хавфсизлигини таъминлаш юзасидан назорат қилиш бўлими инспекторлари томонидан 41 маротаба рейд тадбирлари амалга оширилди. Тадбирлар давомида 106 та қоидабузарлик ҳолатлари аниқланиб, тегишли тартибда баённомалар расмийлаштирилди. Қайд этилган қоидабузарлик ҳолатларидан 91 таси тегишли тартибда кўриб чиқишлик учун судларга тақдим этилган бўлса, қолган 15 таси вилоят транспорт бошқармасида маъмурий тартибда расмийлаштирилди. Маъмурий судлар томонидан қоидабузарлар 81 395 000 сўм миқдорида жаримага тортилди. Эътиборли жиҳати шундаки, судлар томонидан жаримага тортилгач, ноқонуний йўловчи ташиш билан шуғулланувчи 58 нафар қоидабузар ўз фаолиятини қонуний тарзда олиб бориш учун ҳужжат расмийлаштириб, тегишли тартибда лицензияга эга бўлишди.
Ўтказилаётган рейдлар давомида нафақат ноқонуний одам ташиш фаолияти, балки Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 18 майдаги “Йўналишсиз таксилар фаолиятини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори талаблари ижроси ҳам кўздан кечирилмоқда. Қарорда белгиланган талаб ва шартларга риоя этмаганлиги учун жорий йилнинг июнь-июль ҳолатига 360 та далолатнома расмийлаштирилган бўлиб, 57 та автокорхонанинг лицензияси ҳамда 212 та автокорхонада 234 та лицензия варақаларининг амал қилиш муддати 10 (ўн) иш кунига тўхтатилди. Мазкур муддат оралиғида лицензиячилар зиммасига қайд этилган камчиликларни бартараф этиш мажбурияти юклатилмоқда. Бундан кўриниб турибдики, йўналишсиз таксилар билан боғлиқ муаммолар ҳали етарлича.
Самарқанд вилояти транспорт
бошқармаси Ахборот хизмати.