Самарқандда Рамазон совғалари улашилди
"Вақф" хайрия жамоат фондига эҳсон қилаётган саховатпеша инсонларнинг кўмаги билан фонд томонидан Рамазон ойи давомида кўплаб хайрия-саховат ишлари амалга оширилмоқда. Жорий йилнинг 16 май куни Фонд томонидан тайёрланган қарийб 251 миллион сўмлик Рамазон совғалари юртимизнинг 14 та ҳудудларига юборилгани ҳақида хабар берган эдик, деб ёзмоқда “Вақф” хайрия жамоат фонди матбуот хизмати.
19 май куни ушбу мурувват карвонининг Самарқанд вилояти учун ажратилган қисми Самарқанд туманидаги “Хўжа Аҳрор Валий” мажмуасига етиб келди. Ушбу жойда юзта муҳтож оилалар учун мўлжалланган озиқ-овқат маҳсулотлари ўз ҳақдорларига етказилди.
Бундан ташқари, Фонд томонидан вилоятдаги жоме масжидларнинг кутубхонасига 285 дона Қуръони карим китоби ҳам тақдим қилинди.
Тадбирда “Вақф” хайрия жамоат фондининг бошқарув раҳбари И.Халилов, Самарқанд вилоят бош имом хатибининг ўринбосари Х.Саттаров ва жамоатчилик ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этдилар. Унда сўз олган И.Халилов муҳтож инсонлар ташкилот эътиборидан четда қолмаслигини таъкидлаган ҳолда, саховатли инсонларни фонд билан ҳамкорлик қилишга, эҳсонларнинг ҳақдорларга етиб боришида биргаликда ҳаракат қилишга чақирди.