Самарқандда «Samarkand Half Marathon» хайрия марафони ўтказилади
Бугун, 24 сентябрь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида жорий йилнинг 1-3 ноябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги маданият ва санъатни ривожлантириш фонди ташаббуси билан Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган Samarkand Half Marathon – илк халқаро хайрия марафонига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Марафон ташкилотчиларининг таъкидлашича, бундай кенг миқёсдаги тадбир Ўзбекистонда илк марта ташкил этилмоқда. Ушбу тадбирга Россия, Грузия ва бошқа давлатлардан мутахассисларнинг жалб қилиниши халқларимиз маданияти алмашинувига замин яратади.
Лойиҳадан кўзланган мақсад маданият ва санъат объектларидаги инклюзивлик масалаларига жамоатчилик эътиборини қаратиш, шунингдек, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ҳамда мамлакатда спорт туризмини ривожлантиришга қаратилган.
Марафонда тажрибали ва ҳаваскор югурувчилар иштирок этиши, 21, 10 ва 2 километр масофага югуриб куч синашишлари мумкин.
Ташкилотчиларнинг таъкидлашича, югуриш хайрия марафони кенг кўламдаги маданий дастур ва эсда қоларли тадбирларга бой бўлади. Хусусан, инклюзив мавзуларга бағишланган таълим тадбирлари, болалар ва катталар учун маърузалар ҳамда маҳорат дарслари, спорт ҳақида ҳужжатли фильм намойиши, маҳаллий эстрада юлдузлари ҳамда Финляндия, Германия, Туркия ва Россиядан ташриф буюрган санъаткорлар иштирокида концерт дастурлари ташкил этилади.
Марафондан тушган барча маблағлар Тошкент шаҳридаги театрлардан бирида тифлошарҳлар ёрдамида саҳна асарлари намойиш этиладиган тажриба лойиҳаси амалга оширилишига йўналтирилади. Бу заиф кўрувчи ва кўзи ожиз томошабинларга саҳна асари ҳақида тўлиқ тасаввур ҳосил қилишга имкон беради. Бу эса шубҳасиз, кўзи ожиз ва заиф кўрувчиларнинг маданий муҳит билан танишиш имкониятларини кенгайтириб, ижтимоий мослашишларида муҳим қадам бўлади.
Шунингдек, матбуот анжуманида Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги ҳузуридаги маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси инклюзив муаммоларга бағишланган тадқиқотлар олиб бораётганини таъкидлаб ўтишди. Тадқиқот натижалари ярим марафоннинг таълимий дастури доирасида маълум қилинади.
Самарқанддаги марафонда уч хил масофага югуриш бўйича рўйхатдан ўтиш 20 октябрга қадар давом этади.