Самарқандда соат 17 гача давомат 84 фоизни ташкил этди
Бу ҳақда 7-Самарқанд референдум округида ўтказилган брифингда маълум қилинди.
Округ комиссияси раиси Ф.Тошевнинг қайд этишича, ҳудуддаги 1111 та референдум участкасида овоз бериш давом этмоқда. Соат 17.00 ҳолатида округ бўйича 1 миллион 751 минг 368 нафар фуқаро ёки рўйхатга олинган овоз берувчиларнинг 84,14 фоизи референдумга қўйилган масала юзасидан ўз муносабатини билдирди. Жорий йилнинг 19-26 апрель кунлари ўтказилган муддатидан олдин овоз бериш жараёнида эса Самарқанд вилоятидан 45 минг нафардан ортиқ фуқаро қатнашди.
– Референдум участкаларида фуқароларнинг овоз беришда иштирок этишлари учун барча шарт-шароит ва имкониятлар яратилган, – деди Ф.Тошев. – Айрим фуқаролар соғлиғининг ҳолатига ёки бошқа сабабларга кўра овоз бериш биносига кела олмаган тақдирда, уларнинг илтимосига кўра, референдум ўтказувчи участка комиссияси овоз беришни ўша фуқаро турган жой бўйича, кўчма овоз бериш қутиларидан фойдаланиб ташкил этиши мумкин. Жумладан, бугун туман ва шаҳарлардаги Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, йигирмадан ортиқ 100 ёшдан ошган фуқаролар уйида туриб, овоз беришда қатнашди.
Референдумни кузатиш учун юртимизга келган халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар кузатувчилари ва оммавий ахборот воситаларининг 100 нафардан ортиғи кеча ва бугун Самарқандда бўлиб, овоз бериш жараёнларини бевосита кузатди.